Жаҳон | 20:56 / 27.03.2020
19197
2 дақиқада ўқилади

Имомали Раҳмоннинг ўғли сенатор бўлди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли, пойтахт Душанбе мэри Рустам Имомали парламент олий палатаси – Мажлиси Миллий аъзоси этиб сайланди.

Фото: Душанбе мэрияси

Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри хабар берди.

Рустам Имомалининг номзоди шаҳар ва пойтахт туманлари халқ депутатлари мажлисларининг қўшма сессиясида бир овоздан қўллаб-қувватланган. Бунгача у 2017 йил апрелида ва 2020 йил март ойида пойтахт мажлиси депутати этиб сайланган. 

Шу тариқа Рустам Имомали бир вақтда бир неча лавозимни – Душанбе мэри, пойтахт мажлиси депутати, Тожикистон футбол федерацияси раҳбари ва эндиликда сенатор лавозимини бажаради.

Тожикистонда парламент юқори палатасининг 25 аъзоси маҳаллий мажлислар томонидан сайланади, яна 8 аъзоси Тожикистон президенти фармони билан тайинланади. Тожикистоннинг собиқ президентлари ўз хоҳишларига кўра сенатнинг умрбод аъзоси бўлишлари мумкин.

Аксарият тожикистонлик сиёсатшуносларнинг прогнозларига кўра, Рустам Имомали парламент олий палатаси спикери этиб сайланади. Шу тариқа, у Тожикистонда президентдан кейинги иккинчи одамга айланиши мумкин.

Тожикистон конституциясига кўра, президент истеъфога чиқса, лаёқатсиз деб топилса ёки вафот этса, янги президент сайланиб, ўз лавозимини бажаришга киришгунча президент ваколатлари олий палата спикерига ўтади.

Юқоридаги ҳолатларда 3 ой ичида президент сайловлари ўтказилади.

Мавзуга оид