Жамият | 19:38 / 27.03.2020
24345
4 дақиқада ўқилади

Карантиндаги одамлар: Уйда қолиш зерикарли эмас

Ҳойнаҳой, коронавирус ҳақида барча керакли маълумотлар халққа етказилмоқда, инфекциядан хабар топмаган киши ҳам қолмади, ҳисоб. Аммо кундан-кунга вирус юқтириб олган беморлар, вафот этганлар ҳақида янги рақамлар эълон қилинмоқда. Ўз навбатида ҳукумат турли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, уларга қатъий риоя этишни сўрамоқда.

Ушбу мақола тайёрланиши вақтида, Ўзбекистонда инфекция юқтириб олган беморлар сони 65 кишини ташкил этган. Бундан ташқари, 63 минг 853 киши карантинда сақланмоқда.

Ўзини уй карантинига маҳкум этганлар –  атрофда бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмай, онгли равишда ушбу қарорга келган ҳамда уйда бўлишнинг ижобий томонларини ўзлари учун кашф этишмоқда.

Kun.uz кўчага чиқмасдан уйида карантин шароитида одатий турмуш тарзини давом эттираётган юртдошларимиз билан суҳбатлашди. 

Баҳодир Жалолов, профессионал боксчи:


—  Карантинга қадар Иорданияда Олимпиада йўлланмасини тақдим этувчи турнир ўтказилганди. Бизнинг боксчилар ҳам турнирда қатнашиб, уйга қайтгандик. Кейин карантин муносабати билан уйда қолишга қарор қилдим. Зарурият бўлмаса,  кўчага бемақсад чиқишдан сақланяпман. Айни пайтда дўстларим, устозимиз Тўлқин Қиличев билан бир уйда рингдаги хато ва камчиликларимиз, ҳаракатларимизни таҳлил қиляпмиз. Уларнинг маслаҳати билан ўз устимизда ишлаш бўйича тавсия ва кўрсатмаларни тинглаяпмиз. Уй шароитида бадантарбия ва жисмоний ҳаракат қилиб, кўпроқ руҳий тайёргарлик, боксдаги назарий масалаларга эътибор қаратяпман.

Камила Ураева, Молия вазирлиги ходими:
—  24 мартдан масофадан туриб ишлашни бошладим. Иш берувчи томонидан ўз фаолиятимни тўлақонли ва тўкис бажаришим учун барча шароит яратиб берилди. Уйда time-management тўғри ташкил этганим учун, маиший юмушлар иш фаолиятимга таъсир қилмаяпти. Албатта, ҳамкасб ва раҳбариятимнинг қўллаб-қувватловини яқиндан ҳис этиб, меҳнат жамоаси билан бирга ишлаш ёқимли, аммо ҳукумат томонидан коронавирус тарқалишига қарши қабул қилинган чораларга риоя этишимиз керак. Шунинг учун, қанча талаб этилса, шунча уйда қолишга қарор қилдим.

Аслида уйда қолиш таклифи иш жойда раҳбарим томонидан билдирилди, мен буни ходимларга ғамхўрлик сифатида қабул қилиб, тартибга онгли равишда бўйсундим.

Хуршед Рустамов, адвокат:
— 18 мартдан буён уйдаман. Асосан иш материаллари билан танишиш, судга тайёргарлик кўриш билан банд бўляпман. Уй юмушлари билан банд бўлиш ҳам фойдали: болаларнинг дарсларни ўзлаштиришига шахсан бош бўляпман, овқат тайёрлаб, бироз тин олгандекман.


Карантин шароитида уйда бўлиш фаолиятимга таъсир қилмаяпти, тўғри, болалар бир-бир шовқин қилади, диққатни жамлаш қийин. Аммо кечроқ барибир вақт топилади. Уйга кўникиб қолиш - катта муаммо эмас. Негаки, вазият шуни тақозо этяпти, камроқ кўчага чиқиш керак. Ўзимни карантинга олишим шахсий ташаббусим, буни бошқаларга ҳам уқтирмоқчи бўляпман. 

Азиза Қурбонова, журналист-блогер:


—  Анчадан бери уйда қолиш орзум эди. Аввалига кўп нарсани англамай, бир ҳафтани уйда ўтказдим, кейинроқ уйда қолиб ишлаш мумкинлигини тушундим. Журналистга масофадан ишлаш қийин бўлмайди, аммо телевизион журналистлар учун бироз тўсиқлар мавжуд. Масалан, томошабинлар иштирокида ўтадиган ток-шоулар коронавирус хавфи туфайли суратга олинмаяпти. Шунга қарамай, анчадан бери режада қолиб кетган мақсадларим сари қадам ташлаяпман: тил ўрганяпман, Қуръондан кичик оятларни ўрганаётгандим.

Аёл киши учун уйда қолиб ишлаш, аслида, сал қийин. Бунинг учун, вақтни тўғри бошқариш керак. Уйда бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам тўпланиб қолгани учун, бошида уй юмушлари билан банд бўлдим. Шунинг орасида компьютер қаршисида ўтириб, ўзимни ишлашга мажбурлаб кўрдим. Бир тарафдан аёл киши уйда ишласа, кўнгли хотиржам бўлади. Фарзандлари атрофида, уй ишларини қилиб, ишни мувофиқлаштириб олса бўлади.

Уйда кўп қолиб кетиш болаларим билан кўпроқ мулоқотда бўлишга, рисоладагидек бека бўлишга имкон беряпти. Бунинг вақтинча экани ҳам кўнгилга таскин беряпти.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид