Ўзбекистон | 19:12 / 31.03.2020
12864
2 дақиқада ўқилади

«Коронавирус табиблар даволайдиган касаллик эмас» – Нурмат Отабеков

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков андижонлик табиб ва кимёгарлар коронавирусни даволаш мумкин бўлган дори ихтиро қилишгани ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берди.

«Биз битта нарсани тушуниб олишимиз керак. Коронавирус касаллиги бу – махсус даволаш талаб қилинадиган касаллик. Бизни ажаблантирадики, бундай пайтларда табиблар кўпайиб кетади.

Менимча, табиблар ўзининг ишини қилгани маъқул. Бу табиблар даволайдиган касаллик эмас. Негаки, бу касаллик уй шароитида ёки бўлмаса тиббиёт ходимининг назоратисиз даволанса қандай асоратга олиб келишини ҳаммамиз англаб етишимиз керак бўлади.

Нимагадир аксарият табиблар «Ибн Сино бобомиз қўллаган», деб айтишади. Ибн Сино бобомиз бундан қарийб минг йил аввал яшаганлар. У пайтда касаллик қўзғатувчилари вируслар, бактериялар ёки оддий жониворлар экани ҳақида ҳали тасаввур ҳам шаклланмаган бўлган. Шунинг учун самарасини билмасдан туриб бирор нарсани тавсия қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Коронавирусга чалинганларнинг барчаси махсус шифохоналарда юқумли касалликлар шифокорлари, вирусолог, пульмонолог, реаниматолог, педиатр каби мутахассислар тавсияларига асосан даволаниши керак», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид