Жаҳон | 21:17 / 08.04.2020
15245
3 дақиқада ўқилади

АҚШ: Берни Сандерс президентлик пойгасини тарк этди

Вермонт штатидан сенатор бўлган Берни Сандерс ўз президентлик кампаниясини тўхтатганини эълон қилди. 78 ёшли сиёсатчи бу қарори ҳақида ўз штаби ходимлари конференциясида маълум қилган.

Берни Сандерс / Фото: AP

Сандерс ўтган йилнинг октябрида ҳам кампаниясини тўхтатиши ҳақида эълон қилган, ўшанда унинг юрагида жарроҳлик амалиёти ўтказилганди. Кейинроқ кампания давом эттириладиган бўлганди.

У Вермонтдаги ўз уйида ёзиб олинган видеомурожаатида тарафдорларига мурожаат қилган.

«Бу йўл ғалабага элтмаслиги аён. Мен шундай хулосага келдим, Демократик партиядан номзодим қўйилиши учун кураш муваффақиятли якунланмайди. Шунинг учун бу курашни тўхтатишга қарор қилдим», деган у.

Сандерснинг президентлик пойгасидан чиқиши Демократлар партиясидан яна бир номзод, собиқ вице-президент Жо Байденни президентлик сайловида Дональд Трампнинг асосий рақибига айлантиради.

7 апрель ҳолатига кўра Байден 1217 делегат овозига эга эди, Сандерс 914 делегат овозини олишга улгурганди, яна 171 делегат праймеризларда бошқа номзодларни қўллаб-қувватлаган. Ноябрь ойидаги президентлик сайловига номзод бўлиш учун 1991 делегат овози керак бўлади.

Берни Сандерс социалист репутациясига эга сиёсатчидир. У сайловолди дастурида ишчилар синфини ҳимоя қилишини кўп бора таъкидлаганди. Сандерс ёшлигида Америка социалистлари партиясига ҳам аъзо бўлган. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида ҳатто СССРга саёҳат қилиб, асал ойини ўтказган. 

Унинг дастуридаги асосий пунктлардан бирига кўра, америкаликларга бепул тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятини тақдим этиш кўзда тутилганди.

Февраль ойи охирида Сандерс праймеризларда ғолиб чиқиш учун асосий номзод сифатида кўрила бошлаганди. Аммо март ойи бошида Жо Байден қатор штатлардаги праймеризларда ғолиб чиқа бошлади ва вермонтлик сенаторни ортда қолдирди.

17 март куни ўтказилган праймеризда ҳам Байден ғалаба қозонганди, аммо шундан кейин мамлакатда Covid-19 туфайли пандемия бошланди. Байден ва Сандерс ўз тарафдорлари билан фақат интернет орқали мулоқот қилишга ўтди. Праймеризлар бекор қилинди.

Фақат шу ҳафта бошида Висконсинда сайлов бўлиб ўтди, овоз бериш ижтимоий масофа сақлашга қатъий эътибор берган ҳолда ўтказилди.

АҚШ президенти сайлови 2020 йил ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид