Жаҳон | 20:24 / 09.04.2020
8337
2 дақиқада ўқилади

Халқаро коинот станциясига янги экипаж йўл олди

9 апрелда Халқаро коинот станциясига “Союз МС-16” кемаси учирилди. Кема станцияга 3 нафар фазогирни етказади. 

Фото: AP

Бортида “Союз МС-16” кемаси бўлган “Союз-2.1а” ракетаси Бойқўнғир космодромидан Тошкент вақти билан соат 13.5да старт олди. Бир неча дақиқадан кейин кема ракетанинг учинчи поғонасидан ажралди. Кема ХКС билан соат 19.13да бириккан.

Кема бортида Роскосмос фазогирлари Анатолий Иванишин ва Иван Вагнер ҳамда NASA астронавти Кристофер Кэссиди бор бўлиб, улардан Иванишин ва Кэссиди орбитага учинчи марта парвоз қилишлари, Вагнер эса биринчи парвозини амалга оширди.

Бу парвоз “Союз-2.1а” ракетасининг бортида “Союз МС” кемаси ва экипаж билан биринчи парвози бўлди. У аввал қўлланган “Союз-ФГ” ўрнини эгаллади.

Таъкидлаш жоиз, коронавирус пандемияси бу ерда ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Экипажнинг кузатиб қўйилиши маросими меҳмонларсиз ва журналистларсиз ўтган. Шунингдек, фазогирлар ва уларни кузатиб қўювчилар орасида хавфсиз масофа сақланган.

Янги экипаж ХКСда 196 кун қолади. Янги экспедиция давомида ХКСда 50 дан кўпроқ илмий тадқиқот ва тажрибалар ўтказиш режалаштирилган.

Айни вақтда коинот станциясида Роскосмос фазогири Олег Скрипочка ва NASA астронавтлари Эндрю Морган ва Жессика Меир фаолият олиб бормоқда.

Мавзуга оид