Жамият | 18:05 / 17.04.2020
58516
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбеккино» атрофида шов-шув. Ходимлар раҳбардан нега норози?

16 апрель куни интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги ходимларининг директор Фирдавс Абдухолиқовдан норози бўлиб мамлакат бош вазири номига йўллаган шикояти тарқалди.

Шикоятнинг эътиборли жиҳати шундаки, уни «Ўзбеккино» бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, бош директор ўринбосари Низом Маҳмудов, «Ўзбекфильм» директори Фотиҳ Жалолов, Ўзбекистон киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матчонов, Алишер Навоий номидаги киносарой директори Баҳром Ўтанов, «Мультстудия» директори Севара Тўлаганова, «Республика кинофонди» директори Шуҳрат Умаров, шунингдек, Ҳилол Насимов, Жаҳонгир Қосимов, Сарвар Каримов, Абдухалил Мингноров, Акбар Бектурдиев каби режиссёрлар ва кино санъатига алоқадор жами 109 киши имзолаган.

Мурожаатчилар 2019 йил сентябрида «Ўзбеккино»га раҳбар этиб тайинланган Фирдавс Абдухолиқов ҳозирги кунда кинематография соҳасини ривожлантириш ўрнига соҳага алоқадор бўлмаган фаолият билан шуғулланиб келаётгани, муассасада тадбирбозлик кўпайгани, маблағлар ўринсиз сарфлангани, кўп йиллик тажрибага эга ходимлар четлатилиб, уларнинг ўрнига кино соҳасидан йироқ бўлган, раҳбарга қарашли кадрлар юқори лавозимларга тайинлангани, шунингдек, бош директор ўринбосарлари ва тажрибали мутахассислар фикрига беписандлик билан қараш ёки уларнинг таклиф ва мулоҳазалари умуман инкор этилишидан норозилик билдиришган.

Шунингдек, мурожаатда агентлик марказий аппаратига шартнома асосида бир қатор ходимлар, жумладан хориж фуқаролари ноқонуний равишда ёллангани ва уларга агентлик фаолиятининг барча йўналишларида штатдаги ходимлар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқи берилгани, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ёлланган ишчиларнинг бажарадиган вазифалари аниқ белгилаб берилмагани ҳамда уларнинг ойлик маошлари штатдаги ходимлар маошларидан бир неча баравар кўпроқлиги айтилади.

Бундан ташқари, мурожаатда агентликнинг халқаро муносабатлардаги фаолияти хусусида ҳам сўз юритилади. Жумладан, хатда 2019 йилнинг декабрь ойида Бутунроссия давлат кинематография институти билан 400 минг АҚШ долларига шартнома имзолангани эълон қилингани, бироқ БДКИ ректори мазкур шартномани аҳамиятсиз ва кераксиз эканлигини таъкидлаб, институт шартномани талабаларнинг ўзи билан имзолашини билдиргани ҳақида важлар келтирилади.

Шунингдек, киноижодкорлар жорий йилнинг март ойида оммавий ахборот воситаларида «Коронавирус пандемияси туфайли умумий қиймати 25 миллион АҚШ долларини ташкил этган кинолойиҳалар тўхтатилди» деб тарқатилгани ҳам ёлғонлигини таъкидлашган.

Мурожаатни йўллашдан асосий мақсад миллий кинематография соҳасини хароб қилишдан сақлаб қолиш экани қайд этилган.

Kun.uz мухбири мурожаатда акс эттирилган важлар бўйича изоҳ олиш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори билан телефон орқали боғланди. 

Фирдавс Абдухолиқов яқин вақт ичида ушбу масала юзасидан баёнот беришини маълум қилди. 

Таҳририятга маълум бўлишича мазкур шикоят хати шу йилнинг 14 апрель куни Вазирлар Маҳкамасига топширилган.

Мавзуга оид