Жамият | 14:55 / 17.04.2020
4147
4 дақиқада ўқилади

Президент Халқ қабулхоналари эл бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигига хизмат қилмоқда

Коронавирус пандемияси салбий таъсирини юмшатиш борасида бошланган хайрли ишлар бугун Президент Халқ қабулхоналари иш фаолиятининг асосига айланиб улгурди. Карантин эълон қилинган айни кунларда Президентнинг Фарғона вилояти Халқ қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатлар ҳам эндиликда онлайн тартибда қабул қилиниб, ҳар бир мурожаат ўта қисқа фурсатларда ўрганиб, таҳлил қилинмоқда ва зудлик билан ечими топилмоқда.

Мисол тарзида Бағдод туманини олайлик. Ўтган бир ҳафта давомида Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида туман бўйича 700 дан зиёд эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий кўмак пакетлари – озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами марказлашган ҳолда етказиб берилди. Ҳозирда эса яна 1300 та оилага шундай кўмак маҳсулотлари тайёрланяпти. Яқин кунларда улар ҳам ўз эгаларига етказилади.

Шундай беғараз кўмак “Намуна” МФЙ ўрамида истиқомат қилувчи Раҳмоновлар оиласига ҳам олиб борилди. Оилада тўрт жон истиқомат қилади. Оила бошлиғи мавсумий ишлар билан банд бўлган. Рафиқаси бола тарбияси билан банд. Айни кунларда жорий этилган тартиб бўйича уйида қолаётган бу инсонларга гўшт, макарон, ун, ёғ, сабзавот маҳсулотлари икки ҳафтадан кўпроқ вақтга етадиган миқдорда олиб кириб берилди.

Фурқат тумани аҳолиси мурожаатлари билан ишлаб келаётган Президент Халқ қабулхонасида ҳам келиб тушаётган мурожаатлар мазмун-моҳияти кўпчилик ҳолларда карантин эълон қилинган кунларда аҳолини ўйга солаётган масалалар билан боғлик. Деҳқон бозорларидаги нарх-наволар, пенсия ва нафақалар тўлови, дезинфекциялаш жараёнларидан бошлаб қишлоқларда вужудга келаётган муаммолар келиб тушмоқда ва уларнинг ечимини топиш чоралари зудлик билан кўрилмоқда.

Мисол учун, “Фарғона сувтаъминот” МЧЖ Фурқат тумани бўлими  ходимлари аҳоли томонидан Халқ қабулхонасига келиб тушган тоза ичимлик сувини етказиб бериш бўйича мурожаатларни кондириш, жойларда юзага келган авария ҳолатларини бартараф этиш ишлари билан банд. Умуман, нафакат тоза ичимлик суви таъминоти, коммунал тармоққа дахлдор бўлиб, Президент Халқ қабулхонасига келиб тушаётган барча масалалар зудлик билан ҳал этилишига эътибор сусаймаган.

Фурқат туманида Президент Халқ қабулхонаси томонидан деҳқон бозорларидаги нарх-наволар мўътадиллигини сақлаш, айниқса, нархларнинг сунъий ўсиб кетишидек нохуш ҳолларга йўл қўймаслик масаласига эътибор кучайтирилган. Бундан ташқари, деҳқон бозорларига етказувчи йўллар карантин талабларига кўра дезинфекцияланмокда, бозорларга киришда санитар-шифокорлар фаолияти ташкил этилди, бозор ҳудудлари мунтазам  зарарсизлантирилмокда. Маҳсулотлар сифати таъминланиши баробарида  нарх-наволар барқарорлиги сақланмокда.

Шундай синовли кунларда Президент Халқ қабулхонаси фарғоналикларни бирдамликда ва ҳамжихатликда иш тутиб, ён-атрофдагиларни кўллаб-қувватлаш, авваламбор, инсоний меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга эртаю кеч хизмат қилмоқда.  

Мавзуга оид