Ўзбекистон | 21:33 / 18.04.2020
60023
3 дақиқада ўқилади

Отабек Бакиров ва Қобил Хидиров маош камайтирилишини танқид қилди

Блогерлар Қобил Хидиров ва Отабек Бакиров Kun.uzʼга берган интервьюсида давлат бюджетидан тўланадиган маошнинг дифференциал камайтирилишини танқид қилди.

Отабек Бакиров ва Қобил Хидиров

Telegramʼдаги Davletovuz канали асосчиси Қобил Хидиров ушбу қарорни амалга татбиқ этишдан аввал, унинг ортидаги сиёсий оқибатлар ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилди.

Bakiroo канали асосчиси Отабек Бакировнинг айтишича, ушбу қарор иқтисодий инқироз даврида гўё 500 миллиард сўмни тежаб қолиш билан 1 триллион сўмни йўқотишга тенглигини билдирди.

“Негадир Халқаро валюта жамғармаси қаерда ва нима тавсия берса, булар ривожланаётган ё ўзини тутиб олмаган давлатларга қаратилади. Оқибатда бу тавсиялар зиён келтирувчи бўлиб чиқади. Нимагадир, ХВЖ Европа давлатларига бундай (давлат бюджетидан маош олувчиларнинг ҳақини камайтириш — таҳр.) тавсия бераётгани йўқ. Қайтанга уларга талабни қўллаб-қувватлаш, аҳолини пул билан таъминлаш бўйича тавсиясини беряпти. Бизга эса ғирт тескариси: маошларни қисқартириш ҳақида гапирмоқда.

Тасаввур қилайлик, тавсияни тўғри деб қабул қилдик. Маош камайгандан кейин ўз-ўзидан товар ва хизматларга талаб камаяди. Шу туфайли бизнес ҳам ўз фаолиятини камайтиришга мажбур бўлади. Маҳсулот ишлаб чиқариш камайса, ишчи ўрни ҳам қисқаради. Бу занжир давом этса, иқтисодиётга кўпроқ зиён етади-ку“, — дейди у.

Бакиров маошларнинг пасайтирилиши микро доирадаги иқтисодий муаммоларга ҳам сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

“Масалан, солиқчиларни халқ боқиб олади, дея ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлди. Мен бундай ўйламайман. Уларнинг кўпчилиги ёлланма ишчи ҳисобланади. Уларнинг мутлақ кўпчилиги кимнингдир қўлига қараш ё тамагирлик билан фаолиятини ташкил этган, деб ҳисобламайман. Йиллар давомида харажатлар нормаси бор. Бу кредитлар, таълим билан боғлиқ тўловлар. Агар маошлар туширилса, уларнинг турмуш даражаси минимал харажатларни қоплаш даражасидан ҳам пасайиб кетади-ку“, — дейди Бакиров.

Маошларни камайтириш ҳақида биринчи марта Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров Кun.uzʼга берган интервьюсида гапириб берганди. Шундан сўнг, давлат раҳбари томонидан имзоланган қарорда давлат бюджети сарф ва харажатларини мўътадил камайтириш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид