Ўзбекистон | 16:56 / 21.04.2020
17892
3 дақиқада ўқилади

Матбуот эркинлиги индекси: Ўзбекистон 156-ўринда

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро нодавлат ташкилоти 2020 йил учун жаҳон матбуоти эркинлиги индексини эълон қилди. 180та мамлакатни қамраб олган рейтингда Ўзбекистон 156-ўринда қайд этилган.

Фото: KUN.UZ

Таҳлилчилар Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги бўйича «вазият мураккаб»лигини қайд этган. Шу билан бирга, мамлакат 2019 йил билан солиштирганда 4 поғонага, 2017 йил билан таққослаганда 13 поғонага юқорилашга эришган.

«Чегара билмас мухбирлар» Ўзбекистонда ҳибсдаги журналистлар озодликка чиқарилгани, ўнлаб йиллар давомида блокланган сайтлардан тақиқ олингани, ОАВни рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилгани, сиёсий контентдаги тўғридан тўғри трансляциялар йўлга қўйилгани, баъзи журналистлар коррупция ва мажбурий меҳнат каби нозик мавзуларни ҳам кўтариб чиқаётганини эътироф этган.

«Шунга қарамай, энг юқори даражадаги ҳукумат вакилларини танқид қилиш ҳали шаклланмаган. Ҳокимиятдагилар ОАВга тўсиқ бўлувчи айрим қонунларни ислоҳ қилишга шошилмаяпти. Кузатувлар, ташқи ва ички цензура ҳалигача мавжуд, ОАВ устидан сезиларли назорат сақланиб қолмоқда. Блогерларга таҳдид қилинмоқда, улар ҳибсга олиняпти.

Ўзбекистон хорижлик, шунингдек сиёсий важ билан мамлакатга киритилмай келган журналистларга ўз эшикларини қайта очди, аммо баъзи хорижий журналистлар ва оммавий ахборот воситаларининг аккредитация олиши осон бўлгани йўқ.

Сиёсий плюрализм ва адолатни таъминламай туриб, матбуот эркинлигини тўлиқ тиклаш қийин бўлади. Ўзбекистон ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши лозим», дейилади халқаро ташкилот муносабатида.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2013-2019 йиллар давомида «Чегара билмас мухбирлар»нинг матбуот индексида 160-169-поғоналар оралиғида қайд этиб келинган.

2020 йилда мамлакат илк марта Қозоғистонни ортда қолдирди:

82. Қирғизистон
156. Ўзбекистон
157. Қозоғистон
161. Тожикистон
179. Туркманистон

Фото: "Чегара билмас мухбирлар"

Индексни бир неча йиллардан бери Норвегия бошқариб келмоқда. Ундан кейинги ўринларни Финляндия, Дания, Швеция ва Нидерландия банд қилган.

АҚШ 45-, Япония 66-, Украина 96-, Россия 149-, Беларус 153-, Туркия 154-, Хитой 177-ўринда қайд этилган.

«Чегара билмас мухбирлар» ўз ҳисоботида пандемия туфайли жаҳонда ОАВ эркинлигига путур етиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Freedom House халқаро нодавлат ташкилоти ҳам жаҳон мамлакатларидаги эркинликка оид йиллик ҳисоботини эълон қилган, унда Ўзбекистон эркинлик даражаси энг қуйи давлатлар қаторида кўрсатилган эди.

Мавзуга оид