Ўзбекистон | 21:54 / 21.04.2020
53473
2 дақиқада ўқилади

Йирик солиқ тўловчиларнинг ходимлари учун махсус рухсатнома берилади

Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни бошлайди.

ДСҚ матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, бундан мақсад корхоналар ишини енгиллаштириш ва узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш ҳисобланади.

Рухсат берувчи стикерлар йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналар ходимларининг шахсий ёки хизмат автотранспорт воситалари учун берилади.

Рухсат берувчи ҳужжатни олиш учун фақат онлайн тарзда солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида махсус анкетани тўлдириб ариза бериш мумкин.

Автотранспортда ҳаракатланиш учун керак бўладиган махсус QR-кодли рухсатномани принтер орқали чоп этиш лозим. У ариза юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида  шакллантирилади.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳар бир солиқ тўловчига алоҳида стикер квоталари белгиланади. Рухсат берувчи стикер у олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради.

Автотранспорт воситасидан фойдаланиш учун рухсат берувчи стикер олган ходимлар меҳнат дафтарчасининг нусхаси ва иш жойидан берилган тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши керак. Ходимларга фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00дан соат 18:00гача транспорт воситасидан фойдаланишга рухсат берилади.

Рухсат берувчи стикер олиш ҳақида ДСҚга ариза юборилганидан кейин уларга тузатишлар киритиш назарда тутилмаган. Рухсат бериш учун ҳеч қандай тўлов олинмайди.

Мавзуга оид