Ўзбекистон | 09:19 / 28.04.2020
118231
2 дақиқада ўқилади

1 киши ҳалок бўлган, камида 30 киши жароҳат олган: Бухородаги кучли шамол оқибатлари бўйича қўшимча маълумот берилди

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси берган маълумотига кўра, 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2020 йил 27 апрель куни соат 20:00 дан 28 апрел соат 00:30 га қадар Туркманистон Республикаси ҳудудидан кучли шамол кириб келиб, республиканинг Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 9-40 м/сек. тезликда шамол эсиши кузатилган. 

ФВВ хабарига кўра, натижада бир неча фуқаро жабрланиб, улардан бир нафари ҳалок бўлди. Шунингдек, ҳудудлардаги дарахтларнинг ағдарилиши натижасида ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли яшаш хонадонлари ва автотранспорт воситаларига зарар етган.

Юзага келган шамол оқибатларининг асосий қисми Бухоро вилоятига тўғри келади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг берган маълумотига кўра, тахминан 29 нафар фуқаро енгил ва 1 нафар фуқаро оғир тан жароҳати олган бўлиб, 1 та ҳолатда ўлим қайд этилган.

Енгил ва оғир тан жароҳати олган 5 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилган. 26 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилган.

Содир бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича вилоят ҳокимликларида штаблар ташкил этилиб, фавқулодда вазиятларни баҳолаш комиссиялари келтирилган зарарларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Фото: Telegram / @davletovuz

Амалий тадбирларга ФВБлардан жами 704 нафар шахсий таркиб, 127 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талафот оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда, дейилади маълумотда.

Фото: Telegram / @davletovuz
Фото: Telegram / @davletovuz
Фото: Telegram / @davletovuz

 

Мавзуга оид