Ўзбекистон | 18:38 / 28.04.2020
48750
2 дақиқада ўқилади

27 апрель оқшомидаги кучли шамолдан сўнг Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа узилиб қолган

Бош прокуратура Бухородаги кучли шамол оқибатлари бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, Бухоро вилоятида шамол тезлиги секундига 25 метр бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу табиий офат оқибатида вилоят бўйича 5 293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42 400 та дарахт талафот кўрган ва 295 та табиий газ ва электр таъминотида авариялар содир бўлган, ўнлаб кишилар турли даражада тан жароҳати олган.

Шу куни соат 21:30 ларда Бухоро шаҳри, Х.Мушкин кўчасида яшовчи 1978 йилда туғилган Ў.А. уйига келаётган вақтида вилоятда кучли шамол оқибатида ерга узилиб тушган электр симига эҳтиётсизлик билан урилиши оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Қўшимча қилинишича, шамолидан сўнг Қоракўл ва Олот туманлари билан алоқа узилиб қолган.

«Қоракўл ва Олот тумани билан алоқа узилиб қолганлиги сабабли тегишли хизматлардан иборат гуруҳ шакллантирилиб, ҳодиса жойини ўрганиш ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун юборилган», дейилади Бош прокуратура ахборотида.

  • Эслатиб ўтамиз, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига 28 апрелга ўтар кечаси Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол ёпирилиб, шамолнинг тезлиги сониясига 40 метргача етгани хабар берилган эди. Натижада ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар юзага келган, улар орасида Бухоро энг катта талафот кўрганди.
  • Бухоро вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, 28 апрелга ўтар кечаси вилоят ҳудудида рўй берган кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида жароҳатланганлар сони 41 нафарга етган.
  • Бугун мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев табиий офатдан жабр кўрган ҳудуд аҳолиси билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш мақсадида Бухорога борди ва Олот ҳамда Қоракўлда табиий офат оқибатларини кўздан кечирди. Президент айни вақтда Олот туманида фаоллар, қурувчилар ва аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказмоқда.

Мавзуга оид