Сув хўжалиги вазирлиги: Олот ва Қоракўлда сув тошқини юз бериши эҳтимоли йўқ
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Олот ва Қоракўл туманлари Амударё ва Каспийнинг сувлари остида қолиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни рад этди.
Ҳозирги кунда Амударёда сув тошқини юз бериши эҳтимоли умуман мавжуд эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.
Маълум қилинишича, Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган нуқтасидаги Термиз сув ўлчаш постида ҳозирда сониясига ўртача 1,3 минг метр куб сув оқиб ўтмоқда. Бу кўрсаткич ўртача кўп йиллик меъёрга нисбатан уч-тўрт баравар кам.
Шунингдек, Амударёнинг Бухоро вилоятига сув олиш ҳудудида жойлашган Атамират сув ўлчаш постида ҳам бугунги кунда сониясига ўртача 805 метр куб сув оқиб ўтаётган бўлиб, бу кўп йиллик меъёрга нисбатан тўрт бараварга камдир.
Амударёнинг асосий ирмоғи – Вахш дарёсида жойлашган Тожикистоннинг Нурек сув омбори умумий ҳажми 10,5 миллиард куб метр бўлиб, бугунги кунда мазкур сув омборида сув ҳажми бор-йўғи 6,2 миллиард куб метрни ташкил этади. Оддий қилиб айтганда, омборда сув захираси деярли қолмаган (сув омборининг ўлик сув ҳажми 6,0 миллиард куб метр).
Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Амударёдаги сув ресурсларига боғлиқ вазиятни Тожикистон сув ва энергетика вазири Усмонали Усмонзода билан телефон орқали муҳокама қилган. Вазир Усмонзода Амударёда ҳеч қандай тошқин бўлиши мумкин эмаслиги, бунга бирор-бир омил йўқлигини таъкидлаган.
«Шундан кўриниб турибдики, Амударёда сув кўпайиши кузатилаётгани йўқ ва бунга ҳеч қандай сабаб ҳам мавжуд эмас», дейилади вазирлик ахборотида.
Бундан ташқари, Каспий денгизида сув тошқини бўлиб, Ўзбекистон ҳудудига, жумладан Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларигача етиб келиши борасида тарқалган миш-мишлар мутлақо асоссизлиги қайд этилган.
Халқаро сатҳлар шкаласига (Болтиқ тизимига) нисбатан Каспий денгизининг сув сатҳи 27 метр пастда, Олот ва Қоракўл туманларининг ер сатҳи эса ўртача 190 метр юқорида жойлашган — Каспий денгизининг сув сатҳи Олот ва Қоракўл туманлари ер сатҳидан ўртача 217 метр пастда ҳамда 950 километр узоқликда жойлашган.
«Сув хўжалиги вазирлиги халқимизга шуни катта ишонч билан таъкидлайдики, Амударёда, қолаверса, Олот ва Қоракўл туманларида ҳеч қандай сув тошқини кузатилмаяпти ва ҳозирги шароитда бунинг асло эҳтимоли ҳам мавжуд эмас», дейилади вазирлик маълумотида.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель кунига ўтар кечаси Бухоро вилояти ҳудудида кучли шамол юз бериши ортидан Олот ва Қоракўл тумани аҳолиси ўртасида сув тошқини юз бериши ҳақида миш-мишлар тарқалган ва одамлар ўз турар жойларини ташлаб қирликларга чиқиб кетиши кузатилганди.
Мавзуга оид
17:03 / 15.12.2024
Бухорода ҳайдовчи маст ҳолда автобус бошқариб, одам ташиётганда ушланди
16:38 / 06.12.2024
Марказий Осиё мамлакатлари вегетация мавсуми учун сувни тақсимлаб олди
15:29 / 03.12.2024
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида мотоцикл ва скутер кабиларнинг ҳаракати чекланди
11:04 / 02.12.2024