Жамият | 18:23 / 02.05.2020
12269
3 дақиқада ўқилади

Оилавий низолар «Ишонч телефони» орқали ҳал қилинмоқда

Ўзбекистон Республикаси гендер тенглик масалалари комиссияси ташаббуси билан ташкил этилган “Ишонч телефони” республика бўйича оилавий низолар юзасидан мурожаатларни қабул қилиб, уларнинг ечимига кўмаклашмоқда.

Фото: Flickr

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Гендер тенглик комиссияси ташаббуси билан “Ишонч телефони” ташкил этилган бўлиб, у ерда оилавий низолар бўйича ҳуқуқшунос ва руҳшунос маслаҳати тақдим этилади. Манзилли мурожаатларга масъуллар жалб қилинган ҳолда, муаммолар ҳал қилинади.

Маълум қилинишича, 24-30 апрел кунлари ишонч телефонига 137та мурожаат бўлган. Мурожаатлар мазмунини оилада зўравонликка учраш (43та), моддий ёрдам сўраш (15та), ажримлар (27та), алимент ундириш (5та), эр-хотин ўртасида бола тарбияси бўйича низолар (12та), суд қароридан норозилик (5та), меҳнат низолари (4та), аноним қўнғироқлар (3та) ташкил этади. Келиб тушган 137та мурожаатнинг 131 таси ижобий ҳал этилишига эришилди.

“Ишонч телефони”га мурожаатларнинг келиб тушиш кўрсаткичлари тизим ташкил этилганининг иккинчи ҳафтаси билан солиштирганда камайганини кўриш мумкин. Хусусан, жисмоний ва руҳий зўравонлик ҳолатлари 22тага, ажрашиш масаласидаги мурожаатлар сони 20тага, алимент ундириш муаммоси 15тага камайган. Эр ва хотин ўртасида бола тарбияси бўйича низолар эса 7тага кўпайди. Ўз жонига қасд қилиш бўйича ҳолатлар умуман қайд этилмаган.  

“Ишонч телефони иш бошлаганининг иккинчи ҳафтасида мурожаатлар сони кескин ошди. Бунга сабаб, оммавий ахборот воситаларида, телеграм каналларида бўлган катта тарғибот. Анча йиллардан буён оилавий зўравонликка чидаб келаётган аёллар, уларни ҳимоя қиладиган, дардларини тушунадиган ташкилотлар борлигини тушундилар. Ҳар бир мурожаатнинг устидан оператив равишда иш кўришимиз, бунда жойлардаги милиция ходимлари, маҳалла вакиллари, ННТлар билан ҳамкорликда иш олиб боришимиз жуда самарали бўлди. Ҳаттоки олис қишлоқлардан ҳам бизга қўнғироқлар бўлиб, у ердаги аёлларнинг ҳам муаммоларини ҳал этишга муваффақ бўлдик. Бу катта ютуқдир. Аксарият мурожаатлар вилоятлардан бўлди. У ерда яхши хабар тез тарқалиши сабабли, мурожаатлар жойларда, оператив равишда ҳал этилиши бошланганлигини гувоҳи бўлдик. Бу ҳафта мурожаатлар сони камайиш сабаби шу бўлса ажаб эмас”, дейди “Ишонч телефони” мутахассиси.

Оилавий низолар юзага келганда ёрдам учун ишонч телефонлари:

Оператор
+99897 137-24-24
Руҳшунос
+99897 137-27-27
Ҳуқуқшунос
+99897137-26-26

Мавзуга оид