Жамият | 15:16 / 05.05.2020
6906
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳридаги Президент Халқ қабулхонасининг “Саховат карвони” Сирдарё вилоятига етиб борди

Президент Халқ қабулхоналари ходимлари қатор идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси муаммоларини ўрганиб, зудлик билан жойида ҳал этишмоқда.  

Бутун Ўзбекистон аҳли каби Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳам Сирдарё вилоятида рўй берган офат оқибатларини бартараф этишга ҳисса қўшмоқда. 

Улар зудлик билан етиб бориб, амалий ёрдам кўрсатишни бошлаб юбордилар. Жабр кўрган инсонларга зарурий маҳсулотлар, бошпана билан таъминлаш ишлари олиб бормоқдалар. 

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Президент Халқ қабулхонаси томонидан бир неча юк автомашиналарида жами 50 миллион сўмдан зиёд кундалик рўзғор учун зарур бўлган картошка, пиёз, карам, сабзи, ун, гўшт, ёғ, макарон, турли консерва ва ширинликлар, шакар, тухум, гуруч, сут маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқатлар билан бирга иссиқ кийим-кечаклар, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат “Саховат карвони” Сирдарё вилоятига етказилди. 

Шу билан бир қаторда Президент Халқ қабулхоналари ходимлари Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари каби бир қатор идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси муаммоларини ўрганиб, зудлик билан жойида ҳал этишмоқда.  

Талаб этилган жойларда қурилиш, таъмирлаш ишларида ҳам фаоллик билан иштирок этмоқдалар. Юздан зиёд хонадонларга керакли бўлган барча қурилиш анжомларини, маҳсулотларини етказиб, қурувчи мутахассислар билан, эл билан бунёдкорлик ишларида елкама-елка меҳнат қилмоқдалар.    

Мавзуга оид