Жамият | 16:14 / 06.05.2020
13751
2 дақиқада ўқилади

Андижонда тулки болаларини сотмоқчи бўлган шахсга жазо қўлланди

 Андижонда ит савдоси билан шуғулланувчи телеграм каналлардан бирига тулки болаларини 850 минг сўмдан сотиши ҳақида эълон берган шахс аниқланди.

 Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари тулки болалари ҳақидаги эълон Асака шаҳри «Гулшан» маҳалласи, Адиробод кўчасида истиқомат қилувчи А.С. томонидан жойлаштирилганини аниқлаб, унинг яшаш хонадонига боришди. А.С. тулки болаларини апрель ойида Асака туманидаги адирлик ҳудудидан ушлаб олганини маълум қилган.

 Эълондаги фотолавҳада иккита тулки боласи кўрсатилган бўлиб, экологлар боргунича улардан бири қочиб кетгани маълум бўлди.

 «А.С битта тулки боласи қочиб кетгани, қачон ва қай ҳолатда қочганини билмаслигини айтди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 92-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда чора кўрилди.

 Бир дона тулки боласи давлат муҳофазасига олиниб, ёш бўлгани, табиий эркинликда яшаш кўникмасига ва ўзи озуқа топиб ейиш даражасида эмаслиги сабаб, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида жойлашган «Ҳайвонот боғи»га вақтинчалик топширилди», дейилади Андижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан Kun.uz сайтига берилган маълумотда.

Экологлар ҳайвонот боғи маъмурияти билан тулки боласини вояга етгач очиқ табиатга қўйиб юбориш бўйича келишиб олишган.

Мавзуга оид