Light | 08:13 / 14.05.2020
55095
5 дақиқада ўқилади

Аср муаммоси: семизлик ва унинг оқибатлари

Ортиқча вазн ёки семизлик асосан ривожланган давлатларда жиддий муаммога айланган. АҚШда 18 ёшдан катта аҳолининг 56 фоизи, Буюк Британияда 52 фоизи, Исроилда 50 фоиздан кўпроқ қисмида ортиқча вазн борлиги айтилади.

Фото: Getty Images

Семизлик бу – организмда ортиқча миқдорда ёғ тўпланишидир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2016 йилда эълон қилган маълумотларига кўра, ер юзида 18 ёшдан катталар орасида 1,9 млрд нафардан кўпроқ одам ортиқча вазн билан яшайди (ҳозирда бу соннинг янада ортганини бемалол тахмин қилиш мумкин). Улардан 650 млндан кўпроғида семизлик бор.

Ортиқча вазн ёки семизлик асосан ривожланган давлатларда жиддий муаммога айланган. АҚШда 18 ёшдан катта аҳолининг 56 фоизи, Буюк Британияда 52 фоизи, Исроилда 50 фоиздан кўпроғида ортиқча вазн борлиги айтилади. Ҳозир нафақат ривожланган давлатларда, балки ривожланаётган давлатларда ҳам (асосан шаҳар жойларида) ортиқча вазнли одамлар сони ортиб боряпти.

Хусусан, республикамизда ҳам мазкур муаммо соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтирмоқда. Семизлик, асосан унинг абдоминал (қорин соҳасидаги) шакли кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида муҳим рол ўйнаши сўнгги йилларда олиб борилган илмий изланишлар натижасида ўз исботини топди.

Соҳага оид адабиётларда ёзилишича, 55 ёшдан кичик бўлган 3-даража семизлиги бўлган одамларда 2-тур қандли диабет билан касалланиш хавфи шу ёшдаги нормал тана вазнида бўлган одамларга нисбатан эркакларда 18, аёлларда 13 марта юқори бўлади.

55 ёшдан кичик ёшдаги ортиқча тана вазни бўлганларда қандли диабет хавфи, худди шу ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан 3-4 баравар юқори бўлади.

Гипертония касаллиги хавфи эса 55дан кичик ёшдаги нормал тана вазнлиларга нисбатан ортиқча тан вазнлиларда 1,6 марта, 1-даража семизлиги бор шахсларда 2,5-3,2 марта, 2-3-даража семизлиги бор шахсларда 4-5,5 марта юқори бўлади.

Юрак ишемик касаллиги ва бош мияда қон айланиши бузилиши (инсульт) частоталари иккала жинсда ҳам ҳар қандай ёшда тана вазни индекси ортишига пропорционал тарзда ортиб боради.

Холецистит билан оғриш хавфи ТВИ (тана вазни индекси) ортиб бориши баробарида нормал тана вазнлиларга нисбатан эркакларда 4-21, аёлларда 2,5-5,2 марта юқори бўлади.

Бундан ташқари, тана вазни ортиб бориши билан остеоартрит, саратоннинг айрим турлари, аёлларда менструал циклнинг бузилиши, бепуштлик, тухумдонлар поликистози синдроми каби касалликлар билан оғриш хавфи ҳам ортиб боради.

Яъни ортиқча вазн ёки семизлик шунчаки касаллик эмас, балки бошқа кўплаб касалликларнинг сабабчисидир.

Савол туғилади, семизликнинг айнан ривожланган ва ривожланаётган давлатларда кўпайиши сабаби нимада?

Бу асосан камҳаракат ҳаёт тарзи, юқори калорияли ва енгил ҳазм бўлувчи озиқ-овқат маҳсулотларини сурункали тарзда ва ортиқча миқдорда истеъмол қилиш билан боғлиқ!

Бунда организмда энергия баланси бузилади. Тез-тез ва узоқ вақт давомида қондаги қанд миқдорининг кўтарилиши, истеъмол қилинаётган энергия сарф қилинаётган энергиядан кўпроқ бўлиб юриши натижасида организмда ортиқча даражада ёғ тўқимаси шаклланиб боради.

Агарда халқимизнинг анъанавий овқатланиш тарзи, маданияти ўзгармаса, биз юқорида санаб ўтилган касалликлар атрофида ўралашиб юраверамиз. Нималарни ўзгартириш керак?

1. Ҳар куни имкониятга қараб, камида 3-5 км фаол тарзда пиёда юриш зарур (қарши кўрсатмалар бўлмаса, албатта). Шунча масофага югуриш яна ҳам яхши бўлади.

2. Гликемик индекси (истеъмол қилинганидан кейин қондаги қанд миқдорини ошириш даражаси) паст бўлган ва озуқавий толага бой озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ истеъмол қилиш керак.

3. Семизликка олиб келувчи ва биз кўп истеъмол қиладиганимиз яна бир зарарли маҳсулот бу шакар ва шакар қўшилган егуликлардир. У истеъмол қилингандан кейин овқат ҳазм қилиш трактида тез сингади, тезда қонга сўрилади ҳамда қондаги қанд миқдорини тез ва кўпроқ оширади. Биз шакар истеъмолини кескин камайтириб, унинг ўрнига кўпроқ стевия истеъмол қилишимиз керак.

Юқоридагиларга қўшимча қилиб айтиш мумкинки, овқатланиш рационининг асосини донли-дуккакли экин маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, ёғсизлантирилган ёки ёғи камайтирилган сут-қатиқ, кўкатлар, ёнғоқ, писта, бодом, гўшт, товуқ гўшти, балиқ каби маҳсулотлар ташкил қилиши мақсадга мувофиқдир.

Ҳайвон ёғи маҳсулотлари, ўта қовурилган овқатлар, энергетик ичимликлар, кўп туз қўшилган озиқ-овқат махсулотларини доимий тарзда истеъмол қилиб юриш ҳам семизлик ривожланишига олиб келади ва бу инсон саломатлиги учун фавқулодда хавфлидир.

Муроджон Жўраев, эндокринолог шифокор.

Мавзуга оид