Спорт | 13:30 / 17.05.2020
19713
10 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари. Дэвид Бекҳэм ва унинг узатмалари

«Дэвид Бекҳэм чап оёқда ўйнай олмайди, бош билан ўйнай олмайди, ҳимоялана олмайди, кам гол уради. Лекин қолган жиҳатлари жойида» – буюк Жорж Бест биргина таъриф билан нафақат Бекҳэмнинг камчиликларини санаган, балки, уни ўзига хос футболчига айлантирган сифатини ҳам келтириб берган. Унинг тўп узатиши барча камчиликларининг ўрнини босиб кетарди.

Фото: David Ashdown/Getty Images

1994/95 йилги мавсумда Дэвид атиги 19 ёшда эди, «Манчестер Юнайтед»нинг ўнг қанотида эса Андрей Канчелскиснинг олдига ҳеч ким туша олмасди. Бекҳэмнинг иқтидори барчага маълум, аммо майдонга унга ҳали жой йўқ эди. Ўшанда Фергюсон уни ижарага жўнатиб юборди. Танланган клуб ҳам ажойиб – тўртинчи лигада тўп сурадиган «Престон Норт Энд». Яқиндагина «МЮ» асосий таркибида ўзини кўрсата бошлаган Давид ҳақида эса газеталар ҳам ёза бошлаганди ҳатто.

«Танишинг, Дэвид Бэкҳем, бундан кейин барча жарима ва бурчак зарбаларини у ижро қилади», – деди «Престон» бош мураббийи Гари Питерс.

Табиийки, бу ҳаммага ёқмади. Шундай қилиб, 19 ёшидаёқ Дэвид фаолиятида босимга дуч келди.

Бир неча кун ўтиб, жамоа сафар ўйинига автобусда кетаётганди. Дэвид ҳимоячи Раймонд Шарп билан ёнма-ён ўтириб, газета ўқирди. Мақола Бекҳэмнинг ўзи ҳақида бўлиб, унинг «Манчестер Юнайтед» сафидаги илк голи, ундан кейинги ҳиссиётлар ёритилганди. Шунда Раймонд газетани Дэвиднинг қўлидан тортиб олди ва баланд овоз чиқариб, ўқий бошлади:

«Мен Эрик Кантонанинг оғушига ўзимни отдим. Эҳ, қандай ажойиб, унутилмас ҳиссиёт...»

Бутун автобус кулиб юборди.

«Мен ҳеч қачон бирор одамнинг бу даражада қизариб кетганини кўрмагандим», – деб эслайди «Престон»нинг бошқа бир футболчиси.

Ўйин бошланди, Дэвид захирада қолди. Иккинчи бўлимда бир неча дақиқа ўйнаш учун майдонга туширилди ва жамоа бурчак зарбасини тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Айтилганидек, Давид тўп олдига борди. У тўғридан тўғри зарба билан тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйди.

Кейинги ўйинда Бекҳэм жарима зарбасини голга айлантирди. У келгунча ва кетгандан кейин «Престон»да стандарт зарбаларни ижро этган Пол Райнорнинг айтишича, Давиднинг машғулотларда ўзини тутиши бошқалардан ажралиб турарди.

«Машғулотлар кун ярмида ниҳоясига етарди. Аммо у тўпни олиб, бир ўзи стадионда қолиб кетарди. Соатлаб айланма зарбаларни машқ қиларди. Ҳатто бир неча марта йигитлар унга танбеҳ ҳам беришган», – дейди у.

«Престон» футболчиларига янги юлдузчанинг улардан бошқача экани, кўпроқ шуғулланиши ёқмасди. Аммо айтиш керакки, Дэвид ўзини бировга ёқиш, ўзини кўрсатиш учун қилмасди. Бекҳэм доим шундай бўлган.

«Кечки пайтлари дадам ишдан қайтарди ва биз яна шуғулланишга борардик. Уни дарвозага эмас, сал олдинроққа чиқариб қўярдим ва тўпни унинг ёнидан айлантириб ўтказишга ҳаракат қилардим. Қоронғи тушгунча машқ давом этар, баъзида қолиб кетиб, деразалардан тушиб турган нур остида ҳам тўп тепаверардик. Йўлдан ўтаётганлар бизни тентак деб ўйлаган бўлишса ҳам керак.

Уйга қайтишда ҳам машғулот тугамасди. Менга уйда тўп тепиш тақиқланганди, шунинг учун синглимнинг юмшоқ айиқчасини олиб, тўп ўрнида ишлатардим. Онам роса куларди», – деб эслаганди Давид Бекҳэм.

Болалигидан Бекҳэмнинг икки хусусияти бор эди. Биринчиси, у ҳеч қачон кучли зарба беришга уринмасди, доим айлантириб тепарди. Иккинчиси, нишон сифатида маълум бир бўшлиқни эмас, жисмни танларди.

«Давид Бекҳэм Британияда энг зўр тўп узатувчи эканига иқтидор эмас, унинг ҳеч қачон шуғулланишдан тўхтамаслиги сабаб. У ўзидан кўра иқтидори камроқ бўлган футболчиларга қараганда ҳам, кўпроқ меҳнат қилади» – Сэр Алекс Фергюсоннинг бу сўзлари футболчининг энг муҳим хусусиятини яна бир бор бизга эслатади.

Фото: Mark Leech/Getty Images

Мана, Фергюсоннинг Бекҳэм ҳақидаги бошқа иқтибос: «Энг яхши футболчилар ҳеч қачон бир ерда тўхтаб қолмайдилар. Мукаммалликка интилиш йўлида, улар ҳатто ўзлари билан ҳам мусобақалашадилар. Давид илк келганида кунига уч маҳалдан шуғулланарди. Одатда, таътилдан кейин футболчиларни тест қилиб, қандай формада эканларини аниқлардим. У доим ажойиб спорт формасида бўларди. Баъзида уни куч билан машғулотдан олиб чиқиб кетардик».

Меҳнаткашлик – Бекҳэм деганда хаёлга келадиган биринчи фазилат эмас, аммо энг муҳими.

Бекҳэм 1994 йил декабрида «Галатасарой»га қарши ўйинда
Фото: Ross Kinnaird/EMPICS via Getty Images

«Бекҳэм тўпни жуда қийин зоналарга ҳам етказиб бера олади, лекин бу устунлиги унинг бошқа фазилатини сояда қолдиради. У тўпсиз ҳам жуда катта ҳажмдаги ишни бажарарди», – деб эслайди Давиднинг узоқ йиллик жамоадоши Гари Невилл. Унинг айтишича, «МЮ»даги илк йилларда Бекҳэмнинг ўйинлардаги ўртача масофаси 12 километрни ҳам ошган экан.

Дриблинг, зарба, ўйинни ўқиш, тўп ошириш каби алоҳида хислатлари билан ном қозонган ҳар қандай футболчи фаолияти давомида бу иқтидорни ривожлантириб борган. Бекҳэм болалигидан айнан тўп узатмаларга қизиқарди. Бу Бекҳэмни бир кун келиб, ҳар қандай турдаги кроссларнинг устасига айлантирди.

Ҳар қандай ҳимоячи тўпни ўнг қанотда қабул қилиб олган Бекҳэмнинг нима қилмоқчи бўлаётганини билиб турарди – тўпни ҳужумчининг бошига қўндириш. Аммо узатма амалга оширилгунча, айнан қандай қилиб бу амалга ошиши сир бўлиб қолаверарди. У тўпни олдинга ташлаб, юқори тезликда кроссни амалга ошира оларди. Шу билан бирга, тўхтаб турган ҳолатда ҳам, кўнгилдагидек узатма қилишга техникаси етарли эди. Кўпчилик эсламас, аммо айтиш мумкинки, Бекҳэм чап оёқда ҳам яхши кросс қила олар, яъни ҳимоячини доғда қолдириб, чап оёқда ҳам тўп узатиш варианти ҳам доим мавжуд бўлган.

Лекин шундай бўлса ҳам, агар қандайдир қонуният изласак, Бекҳэм сал орқароқдан туриб тўпни оширишни ёқтирарди. Агар узатма дарвоза чизиғи билан параллел тарзда кетса, хавф камроқ, дарвозабон учун ҳам, олдинга чиқиб эгаллаш қийинчилик туғдирмайди. Лекин фақат тўп етиб бораётгандагина траектория чизиққа параллел бўладиган айланма тўп фақат ҳужумчиларга қулай, ҳимоячиларга эса, ёқмайди. Бекҳэмннинг аксарият ассистлари ҳам айнан ўнг қанот, орқароқдан жарима майдонига айланма тарзда узатилган.

Яна бир ўзига хослик – юқори траектория. Бекҳэмнинг жамоадошлари бунга ўрганиб қолишганди. Тўп анча юқоридан келиб, фақат манзилга яқинлашганда, тезда пасайишни бошларди. Рақиблар кўпинча бунга алданиб қолардилар.

Шу ўринда бурчак зарбаларини ҳам эслаш мумкин. Бекҳэм ҳаётидаги энг муҳим икки бурчак зарбасини «Бавария»га қарши Чемпионлар Лигаси финалида амалга оширганди. Ҳар икки узатма ҳам чап бурчакдан амалга оширилган ва Бекҳэм имкон қадар дарвоза томон айлантиришга ҳаракат қилган. Ўша узатмалар ҳақида кейинчалик Бекҳэм қўйидагиларни айтиб берганди: «Зарба ижро этишимдан олдин, жарима майдонига югуриб келаётган Питер Шмейхелни кўрдим. Уни кутиб туришим керак эди. Шунда, ёшлигимиздаги машғулотларни эсладим. Питер бизнинг қанотдан тўп оширишларимиз билан шуғулланаётганда, агар тўп нотўғри кетиб қолса, бизни қаттиқ койир эди. Қўрқиб кетдим, нима қилиб бўлса ҳам, яхши тўп узатишини амалга оширишга мажбур эдим».

Аслини олганда, Бекҳэм учун ўнг қанотдан ижро этиладиган бурчак тўплари қулайроқ. У тўпни имкон қадар айлантириб узатиб берардики, шунда тўп дарвозадан тескари томонга бурила бошлар, бундай узатмалар дарвозабонга максимал даражада қийинчилик туғдирарди. Тўпни янада кучлироқ айлантириш учун, баъзида тўпни тепишда ноодатий тарзда бурчак ҳосил қиларди. 1997 йилнинг апрелида «Ливерпуль»га қарши ўйинни эслаш мумкин. Ўшанда Гари Паллистер рақиб дарвозасини икки бор нишонга олган, ҳар икки голга ҳам Давид Бекҳэм бурчак зарбасидан ҳаммуаллифлик қилганди.

Фаолиятининг охирги дамларида Бекҳэм тезкорликни йўқотганди, аммо тўп узатиш техникаси, орқароқдан туриб аниқ пас бериш қобилияти ўзи билан, яна бир неча йил юқори савияда ўйнай олди. «ПСЖ» ва «Милан»да у ўнг қанотда эмас, марказий ярим ҳимоячи сифатида ҳаракат қилди ва ўйинларни бошқарди.

Ҳатто ҳозир ҳам, Бекҳэм фаолиятини тугатганидан анча вақт ўтган бўлса-да, кимнингдир яхши тўп узатмасини мақташ учун айнан унинг исми тилга олинади. Жорий мавсум бошида Гари Невилл Sky Sports эфирида Кевин Де Брюйне ҳақида фикр юритар экан, уни Бекҳэмга қиёслади.

«Кевин қандай қилиб тўпни жарима майдонига узатиши, ажойиб. У жуда ақлли ва қачон, қандай кучдаги зарба билан тўп оширишни яхши ҳис қилади. Кевинни кузатар эканман, беихтиёр, мен кўрган энг зўр тўп оширувчи Бекҳэм билан бирга ўйнаган пайтларимни эслайман. Де Брюйненинг узатмалари ҳам кам эмас ва менимча, уни мақташ учун мен бундан ортиқ сўз топа олмаяпман».

 

Мавзуга оид