Жаҳон | 23:49 / 21.05.2020
9852
1 дақиқада ўқилади

АҚШда улкан нефтчи ҳайкалига Илон Маск юзи чизиб қўйилди

АҚШнинг Талса шаҳри аҳолиси миллиардер ва тадбиркор Илон Маск шаҳарда Tesla заводини қуриши учун унинг эътиборини антиқа йўл билан жалб қилишга қарор қилди. 

Оклахома штатида жойлашган шаҳар аҳолиси Маск шаҳарда электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компаниясининг янги заводи қуришини истамоқда. Шу сабабли одамлар шаҳарда ўрнатилган “Олтин бурғиловчи” деб номланган улкан нефтчи кўринишидаги ҳайкалнинг юз қисмига тадбиркорнинг юзини ва кўкрак қисмига компания логотипини чизиб қўйишган.

Таъкидлаш жоиз, темирбетон ҳайкалнинг баландлиги 9 қаватлик уйга тенг бўлиб, вазни 22 тонна келади. 

Маскнинг юзи чизилган ҳайкалнинг суратлари ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганда, фойдаланувчилар ҳайратга тушиб, ғоя креатив бўлганини, аммо у расво амалга оширилганини таъкидлаб ўтишган.

Фото: jalopnik.com

“Олтин бурғиловчи” ҳайкали ХХ аср ўрталарида пайдо бўлиб, у Халқаро нефть кўргазма маркази учун ясалган ва нефтчиларга бағишланган. 1979 йилдан бошлаб ҳайкал Оклахома штатининг расмий рамзи ҳисобланади.

Ушбу ҳайкалдан ўз вақтида турли брендлар реклама мақсадида фойдаланган.

Мавзуга оид