Жамият | 22:25 / 24.05.2020
18140
3 дақиқада ўқилади

«Уй-жой масаламизни ҳал этиб олмагунимизча, ҳаловатимиз йўқ» — мирзаободлик онахон

Сирдарё вилоятининг тошқиндан зарар кўрган ҳудудлари аҳолиси уйларини тезроқ таъмирлаб олиш, яроқсиз ҳолга келган бўлса, бузиб олиш ҳаракатида. Кўплар компенсация сифатида тўланадиган 40 млн сўмга янгидан уй кўтаришни ният қилган.

Ҳудудга навбатдаги сафарларимиздан бирида мирзаободлик онахон билан қисқа суҳбат қурдик. Онахон бузилган ҳовлисида идишларни ювиб, лойдан тозалаш билан банд эди.

«Кенжа ўғлим бор, 1995 йилда туғилган. Шуни уйлаш учун йиғганларим бор эди.

Икки кундан бери идиш-товоқларимни ювяпман, лекин кўрпа-тўшакларимни олмайман. Олманглар, ҳозир бўлмаса ҳам, кейинчалик касаллик келтириб чиқаради, дейишяпти. Фақат идиш-товоқларни ювиб, хлорлаб, тозалаб олсам бўлди. Олдимда тўй бор, кичик ўғлимнинг тўйи», дейди онахон.

Тўй қачон, деган саволимизга: «Қани, уй битсин-чи, худо хоҳласа янги «участка»га келин туширамиз. Келинни энди топамиз. Уй битаверсин, йўқ уйга келин топиб олиб, қийналиб юрмайлик», дея жилмайиб жавоб берди суҳбатдошимиз.

20 май кунги суҳбатимизда онахон офат жабрланувчиларига бериладиган 40 миллион сўм пулни ҳали олмаганини айтди.

«Ҳали олганим йўқ. Кеча ўғилларим борса, фамилиямиз чиқмабди. Бериб қолар... Пешонамизга ёзилган бўлса, оламиз.

Дом беради, деяпти. Икки ўғлим билан тураман. Бир ўғлимнинг икки боласи бор: хотини ва бола-чақаси билан уларга дом беришса яхши бўларди.

Берадиган 40 миллионига шу ерга ҳовли солсам, кичик ўғлим билан қолардим.

Гулистон шаҳридаги мактаб-интернатда яшаяпмиз. Фақат уйимизга интилиб, еган-ичганимиз ичимизга тушмасдан озгина қийналиб турибмиз», – дейди онахон.

Эслатиб ўтамиз, 1 майда «Сардоба» сув омборида рўй берган техноген офат оқибатларини бартараф этиш ишларини президент Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда. Давлат раҳбари Сирдарёга бир неча маротаба бориб, аҳоли билан мулоқот қилди ва уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилишини таъкидлади.

Хусусан, тошқиндан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига президентдан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам ва маиший техникалар тўплами (телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол кабилар)дан иборат совғалар берилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3та массивда жами 2640 квартирали 66та беш қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми («мансабга совуққонлик билан қараш») ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди («тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Куни кеча икки киши гумонланувчи сифатида қамоққа олингани маълум бўлди.

«Мавҳумлик қийнаяпти». Сардобаликлар билан суҳбат

Мавзуга оид