Жамият | 12:38 / 25.05.2020
7741
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда дизель ёқилғиси ўғирлаб кетилди. Тергов департаменти ҳодиса бўйича батафсил маълумот берди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 19 май куни Жиззах вилояти Арнасой туман ИИБга 39 ёшли Х.Т. ариза билан мурожаат қилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Унда жорий йилнинг 18 май кунидан 19 май кунига ўтар кечаси номаълум шахслар, Арнасой тумани Бўстон ҚФЙ ҳудудида жойлашган “Турон” фермер хўжалигига тегишли дала шийпонида турган ёқилғи сақлаш бочкасида мавжуд бўлган умумий қиймати 28 951 160 сўмлик жами 5 000 литр дизель ёқилғисини ўғирлаб кетганлиги маьлум қилинган.

Ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилганда фермер хўжалиги дала майдонидаги шийпонда ҳақиқатдан жойлашган 10 тонна сиғимли бочка мавжудлиги, бочканинг таг қисмида металлдан ясалган ғилофининг қулфи очиқ ҳолатдалиги, бочканинг орқа томонида икки дона хажми 20 литрли ёқилғи солиш учун мўлжалланган елим идишлар, улар ёнида 20 метр узунликдаги капрон қувур, 40 см.ли 2 дона резина шланглар аниқланиб, ашёвий далиллар тариқасида ҳужжатлаштириб олинди.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ушбу жиноятни 40 ёшли О.М., 29 ёшли О.И., 43 ёшли   О.Қ. ва 28 ёшли И.Т. ўзаро тил бириктириб, такси ҳайдовчиси О.Қ.нинг бошқарувидаги “Nexia” русумли автомашинада И.Т. ва О.И. билан биргаликда, О.М. эса бошқарувида бўлган “ГАЗ-53” русумли юк машинасига дизель ёқилғисини ўғирлаб кетиш учун лозим бўладиган 20 литр ҳажмли 170 дона елим идишлар ва 20 метрли капрон қувур ортиб шериклари билан изма-из “Турон” фермер хўжалиги дала майдонига бориб, атрофни кузатиб ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан кейин соат тахминан 22:00 дан 01:00 га қадар бочкадаги дизель ёқилғисини ўзлари билан олиб келган елим идишларига тўлдириб, ўғирлаб олиб кетганлари аниқланган.

Ҳолат юзасидан Арнасой ИИВ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “в” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид