Иқтисодиёт | 00:45 / 27.05.2020
18382
4 дақиқада ўқилади

Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши ҳам импорт бензин учун акциз солиғини оширишни таклиф қилди

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш импорт қилинадиган бензин акциз солиғи миқдорини оширишни таклиф қилди. Бундан олдин «Ўзбекнефтгаз» компанияси ҳам шундай таклиф киритган эди.

Кенгаш йиғилиши, 12 май / Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистонда импорт қилинган бензин учун акциз солиғи ставкаси кескин оширилиши кутилмоқда. Kun.uz`нинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш импорт қилинадиган тайёр нефть маҳсулотларига (АИ-80, АИ-91 ва АИ-92) қўйилган акциз солиғини уч баравар оширишни таклиф қилган.

Ушбу солиқнинг амалдаги ставкаси – 5 фоиз. Бундан олдин «Ўзбекнефтгаз» АЖ ҳам бу ставкани ошириб, 20 фоиз этиб белгилашни таклиф қилгани маълум бўлганди.

Kun.uz манбасининг маълум қилишича, Тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш маҳаллий ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотлари учун хом-ашё импорт қилишда акциз солиғини 0 фоизда қолдириш таклифини билдирган.

Маълумот учун, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгашига Инвестиция ва ташқи савдо вазири раислик қилади. Кенгашга бир нечта вазирларнинг ўринбосарлари, Марказий банк ва қатор давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари ва бошқа бир нечта идоралар раҳбарияти вакиллари киритилган. Кенгашга ички ва ташқи бозорларда юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб, тариф ва нотариф тартибга солиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Молия вазирлигининг тушунтиришича, бугунги кунда ишлаб чиқарилган нефт маҳсулотлари ва импорт бўйича акциз солиғи ставкалари бир-биридан фарқ қилади.

«Шундай қилиб, агар АИ-92 русумли 1 тонна бензин ишлаб чиқарувчилари 250 минг сўм акциз солиғини тўласалар, импорт қилувчилар ушбу бензин маркасининг божхона қийматининг 5 фоиз миқдорида акциз солиғини тўлайдилар, бу эса 1 тонна импорт бензини 240 АҚШ доллари қийматида 121 500 сўмни ташкил этади

Йил бошида нархлар мутлақ жиҳатидан импорт ва мамлакат ичида тўланган актсиз солиғи миқдори бир хил эди», – дейилади Молия вазирлиги хабарида.

Қайд этилишича, Молия вазирлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда акциз солиғи ставкаларини бирхиллаштириш ишлари доирасида импорт ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришда акциз солиғининг ягона ставкасини белгилаш масалалари ишлаб чиқилмоқда.

«Энергетика вазирлиги нефть маҳсулотларини импорт қилиш бўйича акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш бўйича Молия вазирлигига таклифлар киритмади», – дея қўшимча қилинган Молия вазирлигининг 26 майдаги хабарида.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари Улуғбек Ашуровнинг Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, компания импорт бензин учун акциз солиғини 4 баробарга оширишни сўраб Энергетика вазирлигига 7 май куни расмий хат билан чиққан.

Ашуров таклифга изоҳ берар экан, пандемия шароитида бошқа давлатлар ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш учун «жудаям кўплаб вақтинчалик чекловлар киритаётгани»ни таъкидлаб, Россия ва Қозоғистонни мисол келтирди.

«Биз ҳам ўз навбатида ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилиш мақсадида таклиф сифатида ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган хатни чиқарган эдик. Бу – ўз номи билан таклиф. Бу бўйича якуний қарор Энергетика вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа юқори турувчи органлар томонидан қабул қилинади», – деди «Ўзбекнефтгаз» АЖ раиси ўринбосари.

Мавзуга оид