Жаҳон | 10:50 / 08.06.2020
15658
2 дақиқада ўқилади

Жорж Флойднинг ўлимида айбланаётган полициячи суд олдида жавоб беришни бошлайди

АҚШнинг Миннеаполис шаҳри собиқ полициячиси, афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимида айбланаётган Дерек Шовин 8 июнь куни суд олдида жавоб беришни бошлайди.  

Фото: Видеодан кадр

Шовин Флойдни қўлга олиш вақтида унинг бўйнини тиззаси билан деярли 9 дақиқа босиб турган. Шундан кейин Флойд ҳушини йўқотиб, кейинроқ жонлантириш бўлимида вафот этган. 

Собиқ полициячи иккинчи даражали қотилликни содир этишда айбланмоқда. Бу дастлаб инсон ҳаётига бефарқлик билан жисмоний зиён етказиш истаги бўлган қасддан содир этилган қотиллик ҳисобланади.

Аввалроқ полициячига енгилроқ айблов қўйилиб, гап қасддан содир этилмаган қотиллик ҳақида бораётганди. Бироқ кейинроқ айблов қатъийлаштирилган. Шу билан бирга Миннесота штати бош прокурори айблов биринчи даражали қотилликкача қатъийлаштирилиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Шовинга ҳозир қўйилаётган айблов билан 40 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин. Шовин Флойд нафас ололмаётганини айтганига қарамасдан, унинг уйқу артериясини босиб туришда давом этган. Собиқ полициячининг озодликка чиқиши учун 1 млн доллар гаров пули тайинланган.    

Флойдни қўлга олиш вақтида иштирок этган яна 3 полициячи – Томас Лейн, Жей Александр Куэнг ва То Тао қотилликка шериклик қилишда айбланмоқда. Улардан ҳар бирига 10 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин. Улар 29 июнда суд олдида жавоб бера бошлайдилар.    

Шовин полицияда 19 йил ишлаган бўлиб, хизмат давомида отишма билан кечган бир неча воқеаларда иштирок этган. Унинг устидан 15 та шикоят тушган бўлиб, улардан фақат биригина бўйича интизомий чоралар кўрилган.

Мавзуга оид