Жамият | 16:28 / 12.06.2020
5897
4 дақиқада ўқилади

Пандемия ижтимоий-сиёсий вазият ва барқарорликка қандай таъсир қилди?

Бугун, 12 июнь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва қатор ташаббускорлар томонидан «Ижтимоий-сиёсий вазият ва барқарорлик» мавзусида мулоқот ташкил этилди. Унда пандемия даврида дунёда юзага келган вазият муҳокама қилинди.

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати

Психологларнинг фикрича, одамларнинг одатий турмуш тарзининг бузилиши натижасида уларнинг безовталик даражаси, уйдаги зўравонликлар ҳолатлари ортади, агрессия ва ваҳимага тушишга мойиллик кучаяди. Дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус фонида жорий этилган чеклов чораларидан норозилар ва карантин сабаб юзага келган иқтисодий оқибатлардан хавотирда бўлган одамлар изоляция режимини бекор қилишни талаб қилиб, турли намойишлар ўтказишмоқда. Бироқ кўпгина тинч намойишлар тартибсизлик, зўравонлик, ўғрилик ва талончилик ҳолатлари билан якунланмоқда.

Тадбирда сўз олган «Юксалиш» ҳаракати раҳбари Акмал Бурханов пандемия даврида турли давлатларда норозилик намойишлари бўлаётгани ҳақида сўзлади:

– Айни пайтда пандемия муаммоси четга сурилиб, дунёнинг турли нуқталарида намойишлар, талончиликлар бошланиб кетди. Тартибсизликларнинг салбий оқибати ҳақида қатор мисоллар келтириш мумкин. Масалан, биргина Ҳонгконгдаги намойишлар оқибатида ЯИМ 2 фоизга, савдолар 7 фоизга тушиб кетган. Араб баҳорининг салбий оқибатларини ҳам ҳаммамиз биламиз.

Албатта, мен ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан одамларнинг демократик ҳуқуқларини, яъни тинч намойиш ўтказиш ҳуқуқини чеклаш тарафдори эмасман. Лекин ҳаммаси қонун доирасида, бошқаларга зарар етказмаган ҳолда бўлиши шарт.

Ҳозирги даврда глобализация жараёнлари, дунё миқёсида бўлиб ўтаётган барча инқирозлар бизнинг мамлакатимизга ҳам таъсири сезиларли бўлганини ҳисобга олган ҳолда, жамоат ташкилоти вакили сифатида ва барча фуқаролик жамияти институтлари номидан шуни айтишим мумкинки, биз бугунги кунда амалга ошаётган ислоҳотларга қанчалик бефарқ бўлмас эканмиз, тартибсизликлар келиб чиқиш ҳолатларига, оммавий ахборот воситаларида кузатишимиз мумкин бўлган ноқонуний оммавий чиқишларга ва шу каби тартибсизликларга чақирувларга бефарқ эмаслигимиз ва олдини олиш бўйича ҳар биримиз маъсулмиз, деб ҳисоблайман. Чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам мамлакатимизда қонун устуворлиги энг асосий масала эканини барча яхши тушунади.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ҳам намойишларга чақириқлар пайдо бўлиб қолди. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган. Лекин қонунда белгиланган тартибдан чиқиш жавобгарликка тортилишга ҳам сабаб бўлади, – деди Акмал Бурхонов.

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати

Мавлуда Ширинова, «Сабр» нодавлат ташкилоти раҳбари:

– МДҲ давлатларини кузатсак, энг тартибли, карантин қоидаларига бошқалардан кўра кўпроқ амал қиладиган халқ бизнинг ўзбек халқи экани маълум бўлади.

Самарқанд вилояти мисолида оладиган бўлсак, хорижга кета олмаган, турли қарзлар, кредитлар олган одамларда тушкунлик ҳолати кузатилди. Уларга имкон қадар тушунтирдик, қарзни кейин тўласангиз ҳам, хорижга имкон борида борсангиз ҳам бўлаверади, дедик.

Хушнудбек Худойбердиев, ҳуқуқшунос, блогер:

– Сўх воқеалари пайтида менга турли номаълум аккаунтлардан «Нега Сўх воқеаларини ёритмаяпсиз? Қасос олмаймизми?» деган мазмундаги, тартибсизликка чақирувчи, бир-бирига ўхшаш хатлар кела бошлади. Суриштирсам, кимлиги аниқ эмас, шахсини очиқламайди, ўзини воқеа жойида деб айтади, лекин бирор аниқ факт тақдим қилмайди. Ана шундай чақириқлар таъсирига тушишдан эҳтиёт бўлиш керак.

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати

Жамоатчилик мулоқоти якунларига кўра, жамоат ташкилотлари вакиллари пандемиянинг ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий оқибатларини юмшатиш, юзага келаётган муаммоларга жавоб бериш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқди.

Таъкидландики, фуқаролар муаммоларини ўз вақтида ижобий ҳал қилиш, жойларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечиш жамиятдаги вазият кескинлашувининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Мавзуга оид