Ўзбекистон | 08:48 / 12.06.2020
6803
5 дақиқада ўқилади

Ягона миллий баҳолаш стандарти тасдиқланди

Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Баҳолаш ташкилотлари уюшмаси, Ўзбекистон баҳоловчилар жамияти, баҳолаш фаолияти соҳасининг етакчи мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Ягона миллий баҳолаш стандарти (ЯМБС) ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Баҳолаш стандарти мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг ўзига хос жиҳатларини акс эттирадиган активлар қийматини баҳолаш нормалари, қоидалари, методикаларини ифодалайди. Ҳужжат Халқаро баҳолаш стандартлари принципларига асосан энг яхши хорижий амалиётларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, деб ёзади Norma.
 
ЯМБС – бу баҳолашга оид вазифаларни бажариш учун мўлжалланган стандарт бўлиб, улар республика қонун ҳужжатлари доирасида баҳолаш амалиётида ишончлилик, очиқ-ошкоралик ва келишувни таъминлайди.
 
Ҳар бир миллий баҳолаш стандарти бир ёки бир нечта вазифаларни ҳал этади ва қуйидагиларни белгилайди:

баҳолаш фаолиятида фойдаланиладиган принциплар ва атамалар;

баҳолашга оид вазифаларни бажариш ва баҳолаш бўйича ҳисоботлар тузиш бўйича умумий талаблар;

ҳисобга олиниши лозим бўлган аниқ мулоҳазалар ҳамда активлар ёки мажбуриятлар турларини баҳолаш учун кенг фойдаланиладиган усуллар.
 
Ҳужжат баҳолаш ЯМБСга мувофиқ ўтказилиши учун риоя этилиши лозим бўлган мажбурий талабларни ўз ичига олади. Стандарт бўлимларида баҳолаш ўтказишда ҳисобга олинадиган асос бўлувчи принциплар ва концепциялар акс эттирилади.
 
ЯМБС тузилмаси иккита асосий қисмга – умумий баҳолаш стандартлари ва активларни баҳолаш стандартларига бўлинади.
 
Умумий баҳолаш стандартлари олтита ҳужжатни ўз ичига олади: 

1-сон МБС «Баҳолаш фаолиятида фойдаланиладиган принциплар, атамалар ва тарифлар»;

2-сон МБС «Баҳолашга оид вазифа»;

3-сон МБС «Баҳолаш жараёнида ўтказиладиган ўрганишлар ва таҳлиллар»;

4-сон МБС «Баҳолаш ҳақидаги ҳисоботни тузиш»;

5-сон МБС «Баҳолаш базалари»;

6-сон МБС «Баҳолаш ёндашувлари ва усуллари».
 
Активлар қийматини баҳолаш стандартлари бешта ҳужжатни ўз ичига олади:

7-сон МБС «Бизнесни ва бизнесда иштирок этиш ҳуқуқини баҳолаш»;

8-сон МБС «Кўчмас мулкни баҳолаш»;

9-сон МБС «Номоддий активлар ва интеллектуал мулкни баҳолаш»;

10-сон МБС «Машина ва ускуналарни баҳолаш»;

11-сон МБС «Товар-моддий захираларни баҳолаш»;

12-сон МБС «Хусусийлаштириш мақсадида давлат уй-жой фондини баҳолаш»;

13-сон МБС «Баҳоловчилар ишининг сифатини назорат қилишнинг ички қоидаларига қўйиладиган умумий талаблар».

Аркадий Матяшин, Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари ҳужжатни шарҳлаётганида, ҳар қандай баҳолаш стандарти худди кўпайтириш жадвали сингари ҳар томонлама қўлланадиган даражада универсал эмаслигини таъкидлаб ўтди. Аслида ҳам шундай, у баҳоловчига ёрдам бериши мумкин, бироқ бунда баҳоловчидан нафақат муайян билим ва тажриба, балки ностандарт фикр-мулоҳаза юритган ҳолда баҳолашга ўзгача ёндашув йўлларини ўйлаб кўриш маҳорати ҳам талаб этилади.
 
Иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида баҳолаш фаолияти олдига баҳолашда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, миллий стандартларни халқаро стандартларга максимал даражада яқинлаштириш, баҳолаш натижаларини хорижий инвесторлар учун янада тушунарли бўлишини таъминлаш, баҳолаш хизматлари сифатини янада ошириш ва маҳаллий баҳолашнинг хориж бозорларига олиб чиқиш имкониятини яратиш вазифалари қўйилди.
 
Халқаро баҳолаш стандартлари қуйидаги принципларга асосланади: мустақиллик, холислик, инсофлилик, малакалилик ва махфийлик. Барча кўрсатиб ўтилган принципларга риоя этилган ҳолда миллий стандартлар ишлаб чиқилган. Бунда 2020 йилдаги сўнгги ўзгартиришлар ва қўшимчаларни ҳисобга олган ҳолда 2017 йилги таҳрирдаги Халқаро баҳолаш стандартларидан фойдаланилган.
 
ЯМБСнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у турли активларни (бизнес, кўчмас мулк, номоддий активлар ва интеллектуал мулк, машина ва ускуналар, товар-моддий захиралар, хусусийлаштириш мақсадида давлат уй-жой фондини) баҳолаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий баҳолаш стандартларини қўллаш методикасини ўз ичига олади.
 
Ушбу Методика мукаммал ҳисобланмайди. У Ўзбекистон Республикаси мол-мулкини баҳолашда минимал даражадаги зарурий ёндашувлар ва усулларни ўз ичига олган. Баҳоловчилар баҳолаш фаолияти ва миллий баҳолаш стандартлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, жаҳон амалиётида қўлланиладиган бошқа ёндашув ва усуллардан фойдаланишга ҳақлидир.
 
Ҳужжат 5.09.2020 йилдан кучга киради.

Мавзуга оид