Жаҳон | 20:20 / 17.06.2020
38673
3 дақиқада ўқилади

6та давлат бу йил фуқароларини Ҳажга юбормасликка қарор қилди

450 мингга яқин кишини ҳаётдан олиб кетган пандемия фонида, Саудия Арабистони замонавий тарихда илк марта Ҳаж зиёратини қолдириши мумкин.

Фуқароларини бу йилги Ҳаж мавсумига юбормаслигини эълон қилган мамлакатлар сони 6тани ташкил этмоқда, деб ёзади Dhaka Tribune.

Дунёда энг кўп мусулмонлар яшовчи Индонезиядан ташқари, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Камбоджа ва Бруней ҳам бу йилги зиёрат дастурини қолдиришга қарор қилди.

Бу йил Индонезия учун 220 мингта, Малайзия учун 36 мингта, Бруней учун мингта квота ажратилган эди.

Dkaha Tribune манбаларига кўра, Саудия Арабистони расмийлари бу йилги Ҳаж мавсумини бекор қилиш ёки уни рамзий тарзда ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Financial Times ҳам хабар берган.

«Масала диққат билан ўрганилмоқда, турли сценарийлар кўриб чиқиляпти. Расмий қарор бир ҳафта ичида қабул қилинади», – дея Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги амалдорининг сўзлари келтирилган FT`нинг 12 июндаги хабарида.

Манбага кўра, таклифлардан бири – Ҳаж мавсумини фақатгина маҳаллий аҳоли вакиллари иштирокида, кучли санитария қоидаларига риоя этган ҳолда ташкил этишни назарда тутади. Ёки мавсум бутунлай бекор қилиниши варианти ҳам йўқ эмас.

«Барча вариантлар муҳокама қилинмоқда, аммо устувор мақсад – ҳожиларнинг соғлиги ва хавфсизлигини таъминлашдан иборат», – деган манба.

AFP`нинг қайд этишича, мусулмон олами давлатлари Ар-Риёдни ўз расмий қарорини тезроқ эълон қилишга чақирмоқда.

«Қарор тез орада қабул қилиниб, эълон қилинади», – дея Саудия ҳукуматидаги манбанинг сўзлари келтирилган агентликнинг 16 июндаги хабарида.

Туркия, Миср, Марокаш, Ливан каби мамлакатлар подшоҳлик қарорини кутаётганини билдирган бўлса, Франция мусулмон фуқароларига ҳаж зиёратини кейинги қолдириш тавсияси билан чиққан.

«Подшоҳлик вақтдан ютишга ҳаракат қиляпти. Агар Саудия сўнгги кунлардагина: «Биз ҳажни тўлақонли ташкил этишга тайёрмиз», деб айтса ҳам, у вақтга бориб кўплаб мамлакатлар ўз фуқароларини юбормаслик қарорини қабул қилиб бўлган бўлади», – дейди AFP`нинг ҳажга алоқадор саудиялик расмийлар билан мулоқотда бўлиб турувчи жанубий осиёлик манбаси.

Маълумот учун, 2019 йилда 2,5 миллионга яқин мусулмон ҳаж ибодатини адо этган. Бу йил Ҳаж мавсуми 28 июлдан 2 августгача давом этиши кутилаётган эди.

Куни кеча Саудия Арабистонида коронавирус қурбонлари сони мингдан ошди. Вирус юқтириб олганлар сони 140дан ортган, улардан 91 мингдан зиёди соғайиб чиққан.

Ҳаж мавсуми қолдириладиган бўлса, бу – 1932 йилда асос солинган подшоҳлик тарихидаги биринчи ана шундай ҳолат бўлади.

CNBC маълумотига кўра, Саудия Арабистони бу йилги Ҳаж мавсумидан 12 миллиард доллар даромад кўришни режалаштирган эди. Агар мавсум бекор қилинадиган бўлса, бу – пандемия келтириб чиқарган инқироз, шунингдек нефть нархи қулаши ортидан подшоҳлик иқтисодиётига навбатдаги сезиларли зарба бўлиши мумкин.

Мавзуга оид