Жаҳон | 20:46 / 17.06.2020
51491
6 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Пекин ёпилди, ҳукумат иккинчи тўлқиннинг олдини олишга уринмоқда

Миллионлаб пекинликлар яна карантин чекловлари шароитида яшашига тўғри келмоқда. Чоршанба куни шаҳарда яна 31 кишида Covid-19 аниқланди, сўнгги бир ҳафтада 137 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Фото: Reuters

Бунгача Хитой пойтахтида 57 кун давомида аҳоли орасида бирорта ҳам янги касалланиш ҳолати қайд этилмаган, фақат хориждан келувчиларда вирус чиқаётганди.

Вирус тарқалишининг янги ўчоғи йирик «Синьфади» улгуржи бозори бўлди, бу бозор 21 миллион киши яшайдиган шаҳар истеъмолининг 80 фоизини қамрайди.

Пекиннинг 27 микроҳудудида хавфнинг ўрта даражаси жорий этилган, бозор билан ёнма-ён жойлашган Хуасян квартали эса юқори хавф даражаси эълон қилинган.

Умуман олганда, шаҳар «фавқулодда ҳолат режими»да яшамоқда.

Қандай чеклов чоралари киритилган?
28 микроҳудуд аҳолисига Пекинни тарк этиш тақиқланган. Шаҳарнинг қолган қисми аҳолиси шаҳардан чиқиши мумкин, аммо аввал коронавирусга тест топшириш керак бўлади.

28 туман аҳолисига шаҳарни тарк этиш тақиқланган, қолганлар фақат коронавирусга тест топширган ҳолда шаҳардан чиқиши мумкин

Аммо бу осон бўлмайди: BBC хабарига кўра, шаҳардаги учта лаборатория июль ойига қадар ёпилган. Бошқа лабораториялар эшигида эса узундан узун навбатлар ҳосил бўлган.

Айни вақтгача Пекиндан ва Пекинга бўлган авиарейсларнинг 1255таси бекор қилинди. Шунингдек, 9 июлга қадар темир йўл алоқаси чекланган. Такси ҳайдовчиларининг ҳам йўловчиларни етказиб қўйиш учун шаҳар ташқарисига чиқишига рухсат берилмаяпти.

Шу билан бирга, қўшни провинциялар Хубэй ва Шаньдун билан шаҳарлараро қатновлар вақтинча бекор қилинган, жумладан, Пекин аэропортига олиб борадиган йўналишлар қисқарган ёки бутунлай бекор бўлган.

Мактаблар, сузиш ҳавзалари ва фитнес-клублар яна ёпилган, спорт мусобақалари қолдирилган.

Йўллар ҳозирча очиқ, корхона ва компаниялар ҳам одатдаги режимда ишламоқда.

Ҳукумат алоҳида ҳудудлар учун алоҳида чекловлар жорий этмоқда, бир ҳудуддаги вазият иккинчисиникидан фарқ қилади. Ҳозирда февралдан фарқли жиҳати - бизнес, ҳукумат бинолари ва ишлаб чиқариш соҳалари ёпилмаганидадир.

«Кўпчилик вазият назорат остидалигига ва иккинчи тўлқин бошланмаслигига ишонмоқда», дейди BBC мухбири Стивен Макдоннелл.

Ҳаммаси нимадан бошланди?
Ўтган ҳафтада «Синьфади» бозорида импорт қилинган лососларни кесишга мўлжалланган тахта юзасида вирус аниқланди. Худди шу вақтда шаҳарда узоқ вақтдан кейин аҳоли орасида илк зарарланиш ҳолати қайд этилди.

Фото: AFP

Бозор дарҳол ёпилди ва Пекин ҳукумати ушбу бозорда бўлганлар уйдан чиқмаслиги кераклигини маълум қилди.

Ҳозирча вирус манбаси бозор ходимлари ёки ташриф буюрувчилар бўлгани бўйича аниқ маълумот йўқ. Бозорга ҳар куни бир неча ўн минг киши ташриф буюради.

Бозор бошқарувчиси ва бир неча маҳаллий раҳбарлар ишдан олинган.

Пекиндаги касалликлар профилактикаси ва назорати маркази вакили Ян Пэн маҳаллий телевидение орқали чиқишида бозорга маҳсулотлар ва харидорлар оқими жуда катта бўлгани туфайли вирус қаердан келганини аниқлаш деярли имконсиз.

Уҳан вирусология университети тиббий бўлими профессори Ян Чжаньцзюнинг айтишича, Пекинда аниқланган коронавирус Уҳандагисидан хавфлироқ бўлиши мумкин.

Унинг таъкидлашича, эволюция давомида вирус заифлашиши ҳам, кучайиши ҳам мумкин. Улгуржи бозорда вирус аниқланганидан кейин тўрт кун давомида касаллик 79 кишида тасдиқланган. Илгари Уханда бундай касалланиш сони вирус аниқланганидан бир неча ҳафта ўтгачгина қайд этилганди.

Қолаверса, Уҳанда эпидемия қишда бошланган, ҳозир эса Пекинда вирус тарқалишига қаршилик кўрсатиши лозим бўлган ёзги ҳарорат ҳукм сурмоқда.

Хитой касалликлар назорати ва профилактикаси маркази катта эпидемиологи Цзен Гуан эса Пекин «иккинчи Уҳан» бўлмаслигини айтмоқда.

«Ҳозирча иккинчи тўлқин содир бўлиши ҳақида концепция мавжуд эмас, бу шунчаки шартли тахмин. Иккинчи тўлқин бўлиш-бўлмаслиги биз қиладиган профилактик тадбирларга боғлиқ. Кейинги кунлар давомида касалланганлар сони ўсиши мумкин, бироқ кейин вирус назорат остига олинади ва юқори эмас, аксинча, паст тўлқин кузатилади. Пекин «иккинчи Уҳан»га айланмайди, вирус бошқа шаҳарларга ўта бошлаганидан кейин ҳудудни ёпишга тўғри келганди», деган у.

Мутахассис Пекин аҳолисини оммавий тест қилишга зарурат йўқлигини қайд этган.

«Айни вақтда вируснинг манбаси ҳақида маълумотга эга эмасмиз, лососга инфекция одамдан ўтганми ёки балиқ биринчи касалланганми билмаймиз. Аниқ жавоблар олганимиздан кейин балиқни хом ҳолатда ейиш мумкинлиги ҳақида маълумот берилади. Ҳозирча текширув натижаларини кутишга тўғри келади», деган у. 

Хитойнинг қолган қисмида вазият қандай?
Умуман олганда, Хитой эпидемияни енгганди.

Март ойи бошигача бу ерда 80 мингга яқин киши Covid-19дан зарарланди, сўнгги уч ойда эса жами 3200 ҳолат қайд этилди.

Сешанба куни бутун Хитойда жами 32та янги ҳолат аниқланган, шундан 27таси Пекинда қайд этилган.

Пекиндан 140 километр масофада жойлашган, Хэбэй провинциясининг 11,5 миллион киши истиқомат қилувчи шаҳри Баодинда ҳарбий ҳолат режими эълон қилинди. Ҳукумат бу қарорни ушбу шаҳар Пекинга яқин жойлашгани, икки шаҳар орасида юк ташиш ва фуқаролар ҳаракати жуда яқин бўлгани туфайли қабул қилган.

Шанхай расмийлари пойтахтдан келувчиларни икки ҳафталик карантинга жўнатмоқда.

Мавзуга оид