Жамият | 18:14 / 23.06.2020
39210
8 дақиқада ўқилади

Мактаб психологлари: самарали ишлашлари учун уларга нималар халал бермоқда?

Мактаб психологи – ёш авлодни катта ҳаётга тўғри йўналтиришда ота-она ва ўқитувчи билан баробар аҳамиятга эга шахс. Мураккаб давр – ўсмирликка қадам қўяётган бола, шахс сифатида шаклланаётган ўсмирнинг ўз оламидаги муаммоларига ечим топиши учун ёрдам беришда мактаб психологининг роли катта.

Фото: Getty Images

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги умумтаълим мактабларидан бирида фаолият олиб бораётган психолог Садриддин Шамсиддинов мактаб психологи фаолиятини ташкил қилиш (айниқса, туман шароитида) самарасиз йўлга қўйилганини айтади.

У ўз амалий фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, туман мактабида психологлар дуч келаётган муаммоларни санаб ўтди.

Кадрлар муаммоси

– Бугунги кунда мактабларда психологнинг фойдаси амалда жуда кам. Биринчидан, бу олий таълим тизимида психолог кадрларни тайёрлашдаги муаммолар билан боғлиқ.

Олий таълим сифатсиз психологларни тайёрлаяпти, психологик таълим эски манбаларга асосланган, амалиёт билан боғланмаган. Талаба ўзи мустақил изланишга мойил бўлсагина, ниманидир ўрганиб чиқиши мумкин. Ҳатто ўзимни ҳам яхши малакали кадр деб айтишга хижолат бўламан.

Иккинчидан, психологнинг мактабдаги мавқейи ачинарли – унга кераксиз шахс сифатида қаралади. Жинсий тарбия, суицид, ижтимоий ҳаётга мослашувдаги тўсиқлар, катталар билан мулоқот, касб танлашда психологнинг ўқувчи ҳаётидаги роли катта бўлса-да, бу амалда кўринаётгани йўқ.

Психологик тестлар яроқсиз

– Мактабда ўқувчилар билан ишлаш учун фойдаланиладиган тестлар замондан орқада қолган, деб ҳисоблайман. Чунки ҳозирги ўсмирларнинг психологияси бу тестлар ишлаб чиқилган даврникидан фарқли. Ҳар 20-30 йилда авлод алмашади, бу янгича қарашлар, янгича руҳ пайдо бўлади дегани. 1996 йилдан кейин туғилган авлод – зет авлод, табиийки, ўзидан аввалги авлодларга нисбатан бошқача фикрлайди, уларда психика бошқа. Аммо улар билан ишлашда бошқа авлод вакиллари билан ўтказилган тажрибаларга асосланган тестлардан фойдаланилмоқда. Бу тестлар уларнинг руҳиятини очиб бера олмайди, шунинг учун ҳам қўллашга яроқсиз.

Шундай бўлса-да, юқоридан юборилгани учун ҳам шу тестлар аоссида ишлашга мажбур бўламиз.

Битта синфхонада ўртача 30-35 ўқувчи ўтиради. Саволлар сони 50тагача борадиган тестлар ҳам бор. Психолог уларни ҳар бир ўқувчига ишлатиб олгач, битталаб ҳисоблаб чиқиши, тавсифлаши лозим. Бунга жуда кўп вақт ва ресурс кетади. Натижада психолог нима қилади? Ёки ишланган тестларни ёлғондан «салбий-ижобий» қилиб белгилайди, ёки тестни ўқувчиларга кўрсатмасдан, ўзи шунчаки белгилаб қўя қолади.

Аслида илмий нуқтайи назардан олганда, психологиянинг асосий методи кузатиш ва суҳбат ҳисобланади. Бу икки метод билан аниқланмаган жиҳатларнигина тестдан қўшимча метод сифатида фойдаланган ҳолда аниқлаш мумкин. Шу сабабли тестлар сонини қисқартириш, депрессия, суицидга мойиллик каби энг зарурларини қолдириб, тренингларга кўпроқ вақт ажратиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, психология машғулотлари давомида ўқувчиларни касбга тайёрлаш деган методика бор. Бу борада тестлар Европа моделидан кўчирилган ҳолда бизга модификация қилинган, лекин бу модификация нотўғри қилинган. Тестларни кўрсангиз, бизда учрамайдиган, Европадагина бор бўлган касблардан келиб чиқиб берилган саволлар бор. Ўқувчилар тугул, психологларнинг ўзи ҳам уларнинг моҳиятини тушунмайди.

Психология дарслари ўтилмайди

– Психологик машғулотларни ўтказиш учун алоҳида соат ажратилмагани психолог-ўқувчи муносабатларини ташкиллаштириш учун имкон қолдирмайди.

Дейлик, психолог ўқувчилардан руҳий ҳолатни аниқлашда тест олиши керак бўлса, қайсидир ўқитувчининг дарсини бузишига тўғри келади. Ҳам дарс бузилади, ҳам тест ўлда-жўлда ўтказилади. Ёки 20 дақиқага мўлжалланган (ундан ҳам юқорилари бор) тестларни 5 дақиқада номигагина белгилатиб олади. Бу, албатта, тестларнинг ишончлигига, натижавийлигига таъсир этади. Яъни ўқувчидаги реал руҳий ҳолатни билишга тўсиқ бўлади.

Алоҳида соат ажратилмаган бўлса, психолог ўқувчи билан қайси пайтда шуғуллансин? Олти соат дарсдан сўнг ҳам руҳан, ҳам жисмонан чарчаган ўқувчига психолог тренинги ёқармиди?

Шу нуқтайи назардан, психологнинг ўқувчилар билан шуғулланиши учун дарс соатлари жадвалга киритилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Психолог хонаси талабга жавоб бермайди

– Психолог хонаси 15-20 киши сиғимида бўлиши лозим. Нега? Чунки оддий дарс хоналари тренинг ўтказишга мўлжалланмаган. Бундан ташқари, психолог хонаси кенг, ёруғ, шинам, ўқувчини ўзига жалб этадиган бўлиши лозим. Тинч, хотиржам муҳитда ўқувчи билан суҳбат қура олиш учун шароит бўлиши керак.

Масалан, хонада аквариум бўлиши ўқувчиларни қизиқтиради, қандайдир сири бор бўлган ўқувчи психологга айтсамми-айтмасамми деб иккиланиб турган пайтда кўз олдида аквариум пайдо бўлиб, бу уни психолог хонасига боришга ундайди. Бу эса қандайдир салбий ҳолатнинг олди олинишига сабаб бўлиши мумкин.

Мактаб психологи ўқувчиларга устоз эмас, дўст бўлиши керак. Ўқувчилар ўз сирларини психологга қўрқмай айта олишлари, унга ишонишлари лозим. Бунинг учун ўқувчилар билан индивидуал ёки жамоавий ишлашда психологнинг хонаси талабга жавоб бериши лозим.

Яна бир муҳим жиҳат: психолог хонаси мактабнинг биринчи қаватида жойлашиши лозим. Бу ота-оналар билан суҳбатларни ташкил қилиш учун қулайлик яратади.

Штат масаласи

– Илмий манбаларда ҳар 250 нафар ўқувчига бир психолог штат бўлиши лозимлиги белгиланган. Мен ишлаётган мактабда эса 1000 нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил олади, аммо 2 нафар психолог ишлаши учун штат берилган. Ваҳоланки, бу мактабда 4 нафар психолог бўлиши керак, 2 нафар психолог ҳамма ўқувчилар билан ишлашга жисмонан ҳам улгурмайди.

Психологлар сони ўқувчилар сонига мувофиқ бўлмаса, табиийки, қамров ҳам, ўқувчилар билан ишлаш сифати ҳам шунга яраша бўлади.

Бундан ташқари, қиз болаларнинг ҳам, ўғил болаларнинг ҳам психолог билан мулоқотида комплекслар бўлмаслиги учун мактабда эркак ва аёл психолог бўлиши мақсадга мувофиқ.

Мактаб психологи мустақил эмас

– Илмий манбаларда психолог мавқе жиҳатдан мактаб директорига тенг бўлиши, раҳбарият у билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўриши кераклиги кўрсатилган. Аммо ўқувчилар психологга мактабдаги майда-чуйда ишларни қилиб юрадиган кераксиз ходим сифатида қарайди.

Чунки директор, директор ўринбосарлари мактаб фаолияти билан боғлиқ нимаики майда юмуш бўлса, психологга юклайди. Давомат олиш, ўқитувчиларнинг дарс ўтаётган-ўтмаётганини текшириш каби ишлар ҳам баъзида психологга буюрилади. Натижада, психолог ўз фаолиятини самарали ташкил қила олмайди.

Ҳужжатбозлик

– Ҳамма жойда бўлганидек, қоғозбозлик мактаб психологи фаолиятини ҳам четлаб ўтмаган. Мактабда психолог қоғозбозлик билан овора бўлиб асосий иш фаолияти қолиб кетади. Ҳозирда бажарилган ишни кўрсатиш учун телефонга суратга олиш етарли. Лекин психолог кўп вақтини қоғоз тўлдириш билан ўтказади. Кунлик қилинган ишларини дафтарга ёзиб боришга мажбур.

Йиллик, ойлик ва ҳафталик иш режаларини юритиш бўйича вазирликдан топшириқлар бўлади – ҳар бир қилинган ишнинг далолатномаси бўлиши керак, тест ўтказилса, унинг статистикасини юритиш, ҳар бир ўқувчининг маълумотларини папкаларга жамлаб қўйиш керак. Бу қоғозлар ҳеч ким фойдаланмаса ҳам ўқувчилар битириб кетганидан кейин яна уч йилгача туради.

Энди айтинг-чи, шунча ишдан ортиб психолог қачон ўқувчи билан суҳбатлашади? Қоғоз тўлдириш, директор буюрган майда-чуйда ишларни қилишдан бўшаб, ўқувчининг муаммосини тинглашга куч, вақт, ҳафсала топ оладими?!

Умуман олганда, мактабларда психологнинг мавқейини ошириш, унинг ўз фаолиятини самарали ташкил қила олиши учун муҳит яратиш масаласи, айниқса, эътибор камроқ бўлган туман ҳудудларида тубдан қайта кўриб чиқилиши керак.

Чунки психолог ўз олдига қўйилган вазифаларни чиндан ҳам уддалай олса, кейинчалик катталашиб кетиши мумкин бўлган кўплаб ижтимоий муаммоларни биринчи босқичлардаёқ профилактика қилиш мумкин бўлади.

Саодат Абдураҳмонова ёзиб олди.

Мавзуга оид