Жаҳон | 12:44 / 24.06.2020
78441
16 дақиқада ўқилади

«Атамбоев иши». Собиқ президентни нега қамашди?

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев жиноятчи Азиз Батукаевни пора эвазига қамоқдан чиқарган деб топилиб, 11 йил-у 2 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ундан давлат мукофотлари ҳам олиб қўйилади. Доим демократияни қўллаб-қувватлашини айтган ва муддати тугагач постини тарк этган Атамбаев нега президентликдан сўнг ҳурмат-иззат билан сиёсат оламида юрмай қамалиб кетди?

Фото: Михаил Метцель/ТАСС

Ёзувчи, тадбиркор ва президент

Атамбоев 1956 йил 17 сентябрда Фрунзе области Ворошилов райони Арашон овулида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, Москвадаги Серго Оржоникидзе номидаги Бошқарув университетига ўқишга кириб, уни муҳандис-иқтисодчи мутахассислиги бўйича битирган. Қирғизистонга қайтган Атамбоев алоқа вазирлигида иш бошлайди.

1983 йилда СССР Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинади ва Қирғизистон Олий Советида муҳаррир ва реферант сифатида иш бошлайди. 1987 йил Фрунзе (ҳозирги Бишкек) шаҳридаги Биринчи май райони райисполкомига ўринбосар этиб тайинланади. 1989 йилда ўз вазифасидан кетади ва тадбиркорликни бошлайди. Шу тариқа, 2004 йилгача турли компанияларда муваффақият билан ишлаган Атамбоев Қирғизистоннинг энг бой 100 одами сафига киради.

Атамбоев сиёсатга 1995 йилда йилда Қирғизистон парламенти Жўқорғу Кенешига депутат этиб сайланиб, кириб келади. 2000 йилда бўлиб ўтган президентлик сайловига ўз номзодини қўйиб, 3-ўринни эгаллайди.

2005 йилда «Лола инқилоби» амалга оширилгач, Қирғизистонда мамлакат раҳбари алмашади ва Атамбоев аввалига саноат вазири, сўнг савдо ва сайёҳлик вазири бўлиб ишлайди. Бу орада 2007 йил 30 мартдан 2007 йил 28 ноябргача мамлакат бош вазири сифатида ҳам фаолият кўрсатади. 2010 йилда рўй берган намойишлардан кейин қисқа муддат муваққат ҳукуматда иқтисодиёт вазирининг ўринбосари вазифасида ишлайди.

2010 йилда у яна мамлакат бош вазири бўлиш учун ўз номзодини қўяди, аммо парламент тасдиғидан ўта олмайди. Ўша йили декабрь ойига келиб бош вазир ўринбосари бўлади. 2011 йилда Атамбоев Қирғизистон президенти сайловида учинчи марта ўз номзодини қўяди ва сайловнинг биринчи туридаёқ мутлақ кўпчиликнинг овозини олиб, Қирғизистон президенти этиб сайланади. У вақтда Қирғизистонда президентик муддати 6 йил этиб белгиланган ва бир киши мамлакатни фақат бир муддат бошқариши ҳақида қонун қабул қилинган эди. Шунга кўра, Атамбоев ҳам Қирғизистонни роса 6 йил бошқарди ва 2017 йилда янги сайланган президент Сооронбай Жээнбековга ўз ўрнини бўшатиб беради. Шу тариқа, Атамбоев Марказий Осиё президентлари орасида ўз лавозимини белгиланган муддатгача бошқариб тарк этган илк раҳбарга айланади.

Алмазбек Атамбоев Қирғизистон қаҳрамони ва яна кўплаб орден ва медалларига сазовор бўлган. Cуд ундан унвон ва медалларини олиб қўйди.

У президентликдан кетгач янги президентни айрим масалаларда танқид қила бошлайди. Шундан сўнг Атамбоев ва унга яқин одамлар бирин-кетин маҳкамага жалб қилинади. Жумладан, собиқ бош вазирлар Сапар Исаков ва Жанторо Сатибалдиев (иккиси ҳам ҳибсда), собиқ бош прокурор Аида Салянова (саломатлиги ва фарзандининг ягона боқувчиси бўлгани учун уй қамоғига ҳукм қилинган), собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, собиқ бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов ва бошқаларга нисбатан жиноий ишлар очилади.

Бош вазирнинг собиқ биринчи ўринбосари Асқарбек Шадиев Нью-Йоркка қочиб кетгани учун сиртдан 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. 2019 йил июнь ойига келиб Қирғизистон парламенти собиқ президентга қарши айбловларни илгари суради. Ўтган йил 13 июнда мамлакат парламенти қошида махсус комиссия тузилади ва унинг тақдимномаси билан парламент собиқ президентни дахлсизликдан маҳрум қилиш ҳамда унга тўққизта пункт бўйича айблов эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилади.

Атамбоев Россия фуқароларига, жумладан уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига мукофот қуроллари тақдим этиш, Чуй вилоятида уй қуриш учун ер участкасини ноқонуний эгаллаш ишларига алоқадор деб айтилади. Бундан ташқари, махсус комиссия Атамбоевни «жиноий авторитет» Азиз Батукаевнинг қонунга зид равишда озод этилиши, Иссиқкўл ва Чуй вилоятларида ерларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, даромадларни яшириш, Бишкек ИЭС модернизацияси бўйича коррупция иши ва унга ноқонуний тарзда кўмир етказиб берилиши ишларига алоқадор деб топади.

Шундан сўнг воқеалар анча тезлашиб кетади. Аввалига Атамбоев дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Сўнг собиқ президентга қарши жиноий иш очилади. Атамбоевнинг тарафдорлари Бишкекда намойишга чиқишади, унинг ўзи эса Чуй вилояти Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ҳимояланади. Собиқ президентнинг тарафдорлари уни ҳимоя қилиш мақсадида унинг қароргоҳ атрофида йиғила бошлайди. Атамбоевнинг ўзи ҳам агар уни қўлга олишга ҳаракат қилишса, қаршилик кўрсатишини ва ўқотар қурол билан бўлса ҳам ўзини ҳимоя қилишини билдиради.

2019 йил 9 июлда собиқ президент Ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасига сўроққа чақирилади. Аммо собиқ президент Ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасига сўроққа бормаслигини маълум қилади. Бош тергов бошқармаси уни яна бир марта сўроққа чақиради, Атамбоев яна рад этади. Ўшанда бош тергов бошқармаси уни жиноий авторитет Азиз Батукаевнинг Қирғизистон ҳибсхонасидан ноқонуний тарзда қўйиб юборилиши бўйича сўроқ қилмоқчи бўлган.

Азиз Батукаев ким эди?

Азиз Батукаев
Фото: RFE/RL

Қирғизистон фуқароси бўлган чечен миллатига мансуб Азиз Батукаев 2004 йилда бир қатор жиноятларда айбланиб 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. 2006 йил ОАВда Батукаев қамоқ муддатини ўтаётган умумий колония ҳудудида жойлашган алоҳида ҳовлида гиёҳванд ўсимликлар ўстириб, у ерда ўз хотини билан яшаб юргани тасвирланган фотосуратлар тарқалади. Ўшанда Қирғизистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари Батукаев яшаб турган уйга киришганда у ерда гиёҳванд моддалар, ўқотар қуроллар, Чеченистон байроғи ва Аслан Масхадов ҳамда Шомил Басаевнинг портретини топишади. Шундан сўнг Батукаевга янги айбловлар бўйича жиноий иш очилади ва у 16 йил-у 8 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Орадан бир неча йил ўтиб Атамбоев президент бўлиб турган 2013 йилда Батукаев шубҳали тарзда озод қилинади ва Бишкек шаҳридан учиб кетади. Ўша пайтда Батукаевни муддатидан аввал озод қилиш учун унинг соғлиги ёмонлашгани асос қилинади. Унга оққон касалига чалинганлик ташхиси қўйилганди. Кейинчалик унинг тиббий варақаси сохталаштирилгани ошкор бўлади.

2013 йилда Қирғизистон парламенти қошида Батукаевнинг озод қилиниши қонунийлигини текшириш учун махсус комиссия тузилади. Батукаевга тегишли бўлган тиббий маълумотлар текширилади, врачлар сўроқ қилинади. Ўша пайтда Батукаевнинг шубҳали тарзда озод қилиниши ҳақидаги ишнинг бир учи президент Атамбоевгача етиб келади. Аммо Атамбоев амалдаги президент бўлгани учун ўша пайтда уни сўроққа чақириб бўлмас эди.

2013 йилда ниҳоят Қирғизистон бош прокуратураси Батукаевнинг озод қилиниши бўйича жиноий иш очиб, ишга дахлдор барчани сўроқ қила бошлайди. 2014 йилда Норин туман суди Батукаевнинг озод қилиниши ноқонуний бўлгани ҳақида қарор чиқаради. Аммо иш бўйича ҳеч кимга тайинли ҳукм чиқарилмайди. Иш тўхтатиб қўйилади.

2019 йилга келиб Қирғизистон бош прокурори Батукаев иши бўйича суриштирувлар қайта бошланганини маълум қилади ва бу ишнинг тепасида собиқ президент Атамбоев тургани маълум қилинади.

Кейинчалик тарқалган миш-мишларга кўра, Батукаевни озод қилиш таклифи Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировдан чиққан ва у Батукаевнинг ўрнига Қирғизистон томонига 2010 йилда тахтдан ағдарилган собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиевни ушлаб беришни ваъда берган. Аммо Максим Бакиев Беларусдан БААга ўтиб кетади ва бу иш амалга ошмайди.

Рамзан Қодиров Батукаевни Чеченистонда жазога тортмоқчи бўлади. Факт шуки, Қирғизистон қамоқхонасидан озод қилинган Батукаев 2014 йилда Чеченистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари қўлига тушади ва ўша ерда яна қамоққа тиқилади. Ўшанда Норин туман суди Батукаевни озод қилиш ҳақидаги қарорни ноқонуний деб топгани учун у Қирғизистонда қидирувда эди. Аммо Россия томони расмий Бишкекнинг Батукаевни Қирғизистонга экстрадиция қилиш ҳақидаги сўровини рад этади.

Кейинчалик Батукаев қамоқдан қочади ва 2016 йил Челябинскда қўлга тушиб 17 йилга қамалади. Батукаевнинг Қирғизистон қамоқхонасидан озод қилинганидан кейинги саргузаштлари шу билан якунига етади. Аммо унинг акс-садоси Қирғизистонда ҳалигача тинмаяпти.

Атамбоевнинг ҳибсга олиниши

Фото: REUTERS/Vladimir Pirogov

Атамбоев Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасининг сўроққа чақириш ҳақидаги сўровини рад этгач, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Мирлан Каниметов бошчилигидаги тергов гуруҳи собиқ президентнинг қароргоҳига келади, аммо уларни ичкарига киритишмайди. Атамбоевнинг маслаҳатчиси Кундуз Жодубаева чиқиб собиқ президент терговга бормаслигини маълум қилади. Шундан сўнг собиқ президентнинг юристи Сергей Слесерёв Атамбоев Азиз Батукаевнинг ноқонуний равишда озод қилиниши бўйича иш юзасидан терговчилар саволларига ОАВ орқали жавоб беришга тайёр эканини билдирди: «Алмазбек Шаршенович ёзма кўринишда тақдим этилган саволларга жавоб беришга тайёр. Бу Атамбоевнинг очиқ хабарномаси доирасидаги жавоблар бўлади, аммо сўроқ шаклида эмас, яъни қонунни бузмаган ҳолда», дейилади адвокат баёнотида.

Ўшанда президент Сооронбай Жээнбеков Атамбоевнинг сўроққа чақирилиши борасида фикр билдирган. «Мен халқ президенти бўлишга ваъда берганман. Мақсадим президентлик фаолиятини якунлаганимдан сўнг соф виждон билан халқ ичида бўлиш. Одамлар ёдида яхши ишларим билан қолишни истайман. Мен учун халқим, давлатим манфаатлари қимматли. Атамбоев билан бўлаётган воқеалар, жумладан, унинг гувоҳ сифатида терговга чақирилиши қонуний ҳолат. Ҳуқуқий давлатда қонунчилик доирасида ҳаракат қилинади», дейди у.

Шундан сўнг Атамбоевни куч билан қўлга олиш операцияси бошланади. Унинг Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳига махсус техникалар ва вертолётда махсус тайёргарликдан ўтган ҳарбийлар жўнатилади. Улар қароргоҳ олдида тўпланган Атамбоевнинг тарафдорлари қаршилигига дуч келади. Ҳарбийлар ўзига қаршилик қилган одамларга қарши резина ўқлар ва шовқинли гранаталардан фойдаланади. Аммо биринчи кунги штурм муваффақиятсиз чиқади.

Бу орада Атамбоев ўзига тегишли экани айтиладиган «Апрель» телеканали орқали халққа мурожаат билан чиқади: «Сизларга алам билан мурожаат қиламан. Бугун ҳукумат кучлари ноқонуний равишда, Конституцияни бузган ҳолда, мени қўлга олиш учун, Атамбоевнинг оғзини ёпиш учун, қурол билан келди ва ўз халқини ўққа тутди. Аввалига резинали ўқлар билан, охирида ҳақиқий ўқлар билан. Бу шармандали ва аламли. Атамбоев террорчи эмас, унинг атрофида йиғилган инсонлар ҳам террорчилар эмас».

Ўшанда у Батукаев иши бўйича хат орқали жавоб беришга тайёрлигини айтиб, ҳукуматдан махсус кучларни қароргоҳидан олиб кетишни талаб қилади: «Мен бир неча марта айтганман, Батукаев иши бўйича хат кўринишида жавоб беришга тайёрман. Расман жавоб беришни, буни газеталарда эълон қилишни таклиф қилганман. Ҳукумат эса Атамбоевнинг оғзини ёпиш учун ўз халқини ўққа тутишдан қайтмади. Бу шармандалик. Ҳукуматга яна бир бор айтаман: Тўхтатинг! Кучишлатар тузилмаларга яна бир бор айтаман: ўз халқингизни отманг. Буйруқ берганлар қочмоқда, сиз эса қолаяпсиз. Ахир сиз бир оилага эмас, халққа қасамёд қилгансиз», деган у ва ўз тарафдорларига қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган.

Ўшанда 7 август куни Атамбоевни қўлга олиш учун ўтказилган биринчи амалиёт муваффақиятсиз якунланади. Ҳар қанча ғалати туюлмасин, махсус кучлар (махсус топшириқли бўлинмалар – мамлакатнинг энг сара ҳарбийлари) собиқ президентни қўлга олишни уддалай олмайди. Биринчидан, Атамбоевнинг тарафдорлари махсус кучларга фаол қаршилик кўрсатади. Иккинчидан, Атамбоевнинг қароргоҳида ҳарбий кийимдаги қўриқчилар ҳам бор эди.

Гарчи дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган одамнинг уйи стратегик объект ҳисобланмаса-да, уни Атамбоевга содиқ ҳарбийлар ва махсус тайёргарликдан ўтган йигитлар қўриқлаётган эди. Улар Бишкекдан келган махсус кучларга қарши биринчи тўқнашувда туриб бера олишади.

Эртаси куни, 8 августда Атамбоевнинг қароргоҳини штурм билан эгаллаш ва собиқ президентни қўлга олиш ишларига шахсан Қирғизистон Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев бошчилик қилади. Операция муваффақиятли амалга оширилади. Минглаб аскарлар иштирок этган операцияда Атамбоевни қўриқлаб турган кучлар енгилади ва унинг ўзи қўлга олинади. Ўшанда Атамбоев Бишкекка олиб кетилганидан сўнг унинг вакиллари Атамбоевнинг ўзи таслим бўлганини айтиб чиқишади. Бу гапда жон бор эди. Интернетда қароргоҳ атрофида жанглар давом этаётган пайтда Ички ишлар вазири ўринбосари Курсан Асанов (кейинчалик у ҳам ишдан олинган) собиқ президент билан унинг таслим бўлиши учун музокара ўтказаётгани тасвирланган кадрлар пайдо бўлади. Шу тариқа собиқ президент қўлга олинади.

Атамбоев Москвага нега борган эди?

Алмазбек Атамбоев ўзига қарши айбловлар жиддийлашганидан сўнг, яъни уни айбланувчи сифатида терговга чақиришганида кутилмаганда Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага боради. Аслида собиқ президентнинг бошқа мамлакат амалдаги президенти билан учрашувида ажабланарли ҳеч нарса йўқ, аммо бу учрашув Атамбоевдан дахлсизлик ҳуқуқи олиб ташланганидан сўнг амалга оширилгани қизиқ ҳолат бўлганди. Бундан ташқари, мамлакатда ўз мамлакатида айланиб турган собиқ президентнинг минтақадаги энг йирик давлат раҳбари билан учрашиши кўпчиликда турли саволларни келтириб чиқаради. Ўшанда кўпчилик «Атамбоев Москвага қочиб кетди» деб ўйлади. Аммо воқеалар ривожи ундай бўлиб чиқмади ва Путин билан учашувдан кейин Атамбоев Қирғизистонга қайтиб келади. Ўшанда Атамбоевга Россияда ёки унга қўшни Беларусга ўтиб қолиб кетиш ва шу тариқа жазоланишдан қутулиб қолиш имконияти бор эди. Аммо афтидан унда қочиш режаси бўлмаган. Ёки Путин унинг фикрини ўзгартирдими, бу номаълумлигича қолди.

Атамбоев билан ўзаро учрашув якунида Путин Қирғизистонга сиёсий барқарорлик зарурлиги ва «барча фуқаролар амалдаги президент атрофида бирлашиб, унга давлатни ривожлантириш»да ёрдам бериши кераклигини айтганди. Кўпчилик Путиннинг ана шу гапларини «Россия президентининг Атамбоевга сиёсий бошпана бериш нияти бўлмаган» деган хулоса келишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Қирғизистонга қайтган Атамбоев Москва сафари ҳақида «Мен у билан собиқ президент сифатида учрашдим. Владимир Путин – менинг яқин дўстим. У мени таклиф этиб самолёт жўнатди, мен қандай буни рад қилишим мумкин? Бу мамлакат ички ишларига аралашиш эмас. У қайғураяпти, мен ҳам қайғураяпман», дейди.

Путиннинг ёрдами ҳақида эса Атамбоев шундай деганди: «Путин билан юзма-юз учрашув бўлди. Лекин мен ундан ҳеч қандай кафолат сўраганим йўқ. Ҳеч қачон сўрамайман ҳам. Фақат Аллоҳдан сўрайман», деган эди.

Атамбоев ўз қароргоҳида қаршилик кўрсатганидан сўнг унга давлат тўнтаришига уриниш айби ҳам қўйилади. Шу тариқа қўйилган айблар сони бир нечтага ошади. Узоқ давом этган терговдан сўнг Атамбоевни иши судга оширилади ва 2020 йил 23 июнда унга ҳукм ўқилди. Қирғизистоннинг собиқ президентига прокурор 15 йил қамоқ жазоси беришни сўраган эди. Судья эса 11 йил-у 2 ой қамоқ жазоси тайинлади ва ундан барча давлат мукофотлари олиб қўйилди. Атамбоев нафақат судда, балки тергов жараёнларида ҳам ўзига қўйилган айбларни тан олмаган. Шу тариқа бир йил давом этган «Атамбоев иши» Қирғизистон собиқ президентининг узоқ муддатли қамоқ жазоси олиши билан якунига етди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Мавзуга оид