Омбудсман Акмал Саидовнинг танқидига жавоб қайтарди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) матбуот хизмати Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидовнинг Андижондаги қийноқ масаласида Омбудсманнинг минтақавий вакилига нисбатан билдирган танқидий фикрларига жавоб қайтарди.
«Маълумки, Андижон шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримовга етказилган тан жароҳати натижасида у вафот этган эди. Айни пайтда марҳум А.Абдукаримовга нисбатан содир этилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари шахсан Бош прокурор назоратида.
Шу билан бир қаторда, ушбу салбий ҳолат вужудга келишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан миллий превентив механизм доирасида Омбудсманнинг Минтақавий вакили, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўйича вакиллари иштирокидаги эксперт гуруҳи таркибида Андижон вилоятида жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мониторинг ўтказилди.
Мониторинг давомида Андижон вилоятида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхона, Андижон вилояти ИИБ маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона ва Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш Маркази, шунингдек, Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси, Балиқчи ва Қўрғонтепа туманлари ички ишлар бўлимларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасининг 4- ва 6-сон ички ишлар бўлимларида эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган ёки вақтинча ушлаб турилган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда уларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланишининг олдини-олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ўрганилди.
Шунингдек, мониторинг жараёнида эксперт гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов яшаб келган хонадонга ташриф буюрди ва унинг яқин қариндошларига ҳамдардлик билдиришди. Ташриф жараёнида омбудсман ходимларига марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилди.
Бу ҳақда биз батафсил маълумот бермоқчи эдик. Аммо, бугун, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик А.Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирди.
Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилди. Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан Gazeta.uz ҳамда Uzreport ва Ўзбекистон 24 журналистларига интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин). Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлишимиз керак. Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир.
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамон жамоатчилик асосида (маош олмайди) фаолият олиб боришади ва улар ўз иш хоналарига эга эмас. Бу ҳақда Вакил бир неча йиллардан буён парламент палаталарига мурожаат қилиб келади. Бундан ташқари, Вакил котибияти ўз биносига эга эмас, балки Метрополитен биносида ижарада фаолият олиб боради (фурсатдан фойдаланиб метрополитен раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз).
Бу муҳим эмас! Муҳими Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам!
Энг муҳим хулоса, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги лозим. Инсон ҳуқуқлари учун ҳаммамиз масъулмиз!», дейилади Андижон вилоятида олиб борилган мониторинг юзасидан берилган маълумотда.
Эслатиб ўтамиз, Андижонда фуқаро А.Абдукаримов ИИБдаги қийноқдан сўнг 11 июнь куни вафот этгач, беш киши ишдан олинди, 19 киши жазоланди. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида уч нафар ички ишлар органлари ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206, 234 ва 235-моддалари билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
25 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирганди.
«Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг». Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари.
Омбудсманнинг минтақавий вакилининг жавоби мени қалбимни хира қилди. Ходимим унга «Сиз бу ердасиз, сиз вилоят вакилисиз» деганида у «Менга марҳум оила аъзоларидан ҳеч ким жавоб бермади» дебди. Бу қандай жавоб? Мен бу каби ҳолатларга реакция қилиш омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти деб ҳисоблайман», деганди у.
Мавзуга оид
16:13 / 20.12.2024
Йигирмага яқин болани 1,5 минг км масофага ташиётган учта Damas ушланди
16:54 / 19.12.2024
Андижонда Суриядаги террорчи гуруҳларга пул юборган фуқаро 10 йилдан ортиқ муддатга қамалди
15:16 / 18.12.2024
Андижонда эр-хотин ис газидан заҳарланиб, вафот этди
10:49 / 15.12.2024