Ўзбекистон | 17:06 / 26.06.2020
20310
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек тили изоҳли луғатининг беш томли янги нашри тақдимоти ўтказилди

26 июнь куни Тошкент давлат педагогика университетида ўзбек тилининг изоҳли луғати янги нашри тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Луғат 80 мингдан ортиқ ўзбек адабий тилида кенг истеъмолда бўлган сўз ва сўз бирикмалари, фан, техника, санъат ва маданият соҳаларига оид терминлар, шевада қўлланадиган сўзлар, тарихий атамаларни ўз ичига олган. 

Тақдимотда уни тайёрлашда қатнашган гуруҳ вакиллари - Давлат тилини ривожлантириш департаменти ходимлари, Фанлар академияси олимлари, тилшунос ҳамда адабиётшунослар иштирок этди ва фикрларини билдирди  Хусусан, Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Абдуғаффор Қирғизбоев луғатни тайёрлаш ва унинг аҳамияти ҳақида гапирди.

«Луғатимиз жуда кўп олимларнинг биргаликда қилган меҳнат маҳсули. Уни тайёрлашда мутахассислар жуда кичик жиҳатларни ҳам кўздан қочирмасликка ҳаракат қилди. Масалан, дизайн, қоғоз сифати, ҳарфлар шрифти, умуман, барча-барчаси инобатга олинди. Беш томли бу луғат фақат Ўзбекистонда эмас, балки ундан ташқарида яшаётган тил жонкуярлари учун ҳам амалиётда фойдаланишга керакли қўлланма.

Ҳозир дунё миқёсида 50 миллиондан ортиқ киши ўзбек тилида гаплашади. Ер юзида жами 7 мингдан ортиқ тил бор. 7,5 миллиард киши мулоқот қиладиган бу тилларнинг бор йўғи 1 фоизи, яъни, 70та тилда дунёнинг 90 фоиз аҳолиси мулоқот қилади. Ўзбек тили ҳам дунё аҳолиси кўп гаплашадиган тиллар қаторида ва у 1 фоизни ташкил қилади», дея департамент раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаровнинг сўзларига кўра, ушбу луғат билан бир вақтда мобил луғатларни ривожлантириш ҳам муҳим ҳисобланади.

«Яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. 2006-2008 йилларда 80 мингдан ортиқ сўзни ўз ичига олган беш томлик луғат яратилди. Унинг электрон шакли интернет тармоғига жойлаштирилди.

Анъанавий китоб тарзида чоп қилинган луғатлардан фойдаланиш ўзига хос мураккабликларни келтириб чиқаради. Ўқувчи, талаба уни ҳамма вақт ўзи билан олиб юролмайди. Унинг уяли алоқа воситасида жойлаштирилган PDF-форматидан фойдаланганда сўзни қидириб топиш маълум вақт талаб қилади. Демак, бугун ахборот технологиялари жадал ривожланаётган бир пайтда луғатчилик билан шуғулланаётган мутахассислар олдида мобил луғатлар яратишдек долзарб вазифа турибди.

Шу ўринда айтмоқчиманки, гап фақат изоҳли эмас, балки икки тилли, кўп тилли тажима луғатлари ҳақида ҳам боради. Бугунги кунда ёшлар луғат, айниқса китоб шаклидаги луғатдан фойдаланишни, очиғи, яхши билмайди. Демак, яна бир вазифа –луғат дарсларини ташкил қилиш, луғатдан фойдаланиш кўникмаларини ривожлантиришдан иборат», деди у. 

Луғатнинг ушбу нашри бу гал 3 минг нусхада чоп этилган.

Изоҳли луғатнинг қоғоз кўриниши билан бир вақтда мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган. Уни янги турдаги луғатлар билан бойитиш имкони бўлиши назарда тутилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари izohli-lugat.uz веб-сайти устида ҳам иш олиб боришмоқда. Унда фойдаланувчилар учун сўз қўшиш (кўрикдан ўтказиб) имкони яратилиши назарда тутилган.

Мавзуга оид