Ўзбекистон | 00:30 / 29.06.2020
108992
4 дақиқада ўқилади

6 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди

28 июнь куни Ўзбекистонда 266та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 7948 ҳолат), 2 киши вафот этди ва 89 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 5329 беморга жавоб берилган, 22 киши вафот этган, шифохоналарда 2597 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 7 ҳудудда - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Андижон, Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 266 ҳолатдан 247таси карантин муассасаларида, 16таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 3 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+16)
Бугун олти ҳудудда аҳоли орасида янги касалланиш ҳолатлари аниқланди. Анча вақтдан буён илк марта Андижон вилоятида аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди - 6 киши вирусга чалингани маълум бўлди. Андижонда бугун жами 14 кишида вирус аниқланди - шу вақтгача қайд этилган ҳолатлар сони 209дан ошди. Шундан 181 бемор соғайган, шифохоналарда 26 бемор даволанмоқда.

Самарқанд вилоятида аҳоли орасида 4 ҳолат қайд этилди. Айни вақтда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 46 бемор даволанмоқда.

Бугун шунингдек, Қорақалпоғистонда аҳоли орасида 2 бемор аниқланди (кетма-кет иккинчи кун), Тошкент шаҳрида ҳам 2 ҳолат қайд этилди (бу сўнгги вақтларда пойтахтда аҳоли орасида қайд этилган энг кам ҳолатдир), Тошкент ва Сирдарё вилоятларида ҳам биттадан янги беморлар аҳоли орасида аниқланди.

Карантин (+247)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 202 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 11 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди.

Тошкент вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 10 кишида вирус чиқди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятида карантиндагилардан 14 киши, Андижон вилоятида 8 киши, Қорақалпоғистонда 2 киши вирусга чалингани маълум бўлган.

Ҳайдовчилар (+3)
Қорақалпоғистон Республикаси 2, Сирдарё вилоятида 1 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тузалганлар (+89)
28 июнь давомида 89 нафар бемор соғайди. Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 75 нафар, Қашқадарё вилоятида 14 нафар беморга жавоб берилди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 7948 нафар бемордан 5329 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 67 фоизни ташкил этмоқда.

Ўлим (+2)
Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистонда илк марта бир кунда икки ўлим ҳолати эълон қилинди. 14 июнь куни Ўрта Чирчиқдаги карантин марказида иш бошлаган шифокор хизмат вақтида коронавирусга чалинган, 23 июнь куни унда касаллик аниқланган, 26 июнь куни вафот этган. Шунингдек, 22 июнь куни коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилиб, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган бемор 28 июнда оламдан ўтган. Эндиликда Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 22тани ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2597 нафар бемордан 18 нафари оғир, 6 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 40 120 нафар, стационар карантинда эса 23 432 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Мавзуга оид