Жаҳон | 09:25 / 29.06.2020
29535
2 дақиқада ўқилади

Номаълум учар жисмларнинг 40 йил ичидаги энг яхши сурати эълон қилинди

Польшалик эркак номаълум учар жисмларни (НУЖ) ўрганиш билан шуғулланувчи уфологлар фикрича, НУЖларнинг 40 йил ичидаги энг яхши суратларини олди.

The Mirror нашрининг хабар беришича, Польшанинг Ястрово қишлоғида яшовчи ва ҳамюртлари томонидан руҳий носоғлом деб қабул қилинмаслиги учун номаълум бўлиб қолишни истаган эркак телефони камерасига НУЖни суратга олган. Суратлар сифати юқори бўлиб, ундаги жисмни батафсил ўрганишга имкон берган.

Фото: Triangle News

Эркакнинг айтишича, у велосипедда кетаётганда ғалати товушни эшитган. У ортига ўгирилганда ўрмон устида муаллақ турган пирамидасимон жисмни кўрган. НУЖ кўздан ғойиб бўлишидан олдин эркак унинг 5 та суратини олишга муваффақ бўлган. Сўнгра у суратларни уфолог Роберт Бернатовичга берган.

Фото: Triangle News

Бернатович ўз навбатида суратларни Британиянинг НУЖларни ўрганиш уюшмаси терговлар бўлимининг собиқ бошлиғи Филипп Мэнтлга берган. 

Мэнтлнинг таъкидлашича, бу суратлар у охирги 40 йил ичида кўрган суратлардан энг яхшиси ва эҳтимол, ҳақиқий ҳисобланади.

Унинг бу фикрига яна бир мутахассис Жейсон Глив қўшилган. Унинг таъкидлашича, суратдан объект металлдан ишлангани ва ер устида 45-60 метр баландликда тургани ҳақида хулоса чиқариш мумкин.

“Мен суратларнинг юқори сифатдалигидан ҳайратга тушдим. Кўринишича, объект ердан 150-200 фут (45-60 метр) баландликда қолиб, 50 метрлик радиусда ҳаракатланган”, деб айтган Глив.

Мавзуга оид