Спорт | 04:22 / 29.06.2020
13468
3 дақиқада ўқилади

Рақибни менсимаган «Динамо» ва Иброҳимнинг реванши. Самарқанддаги драматик ўйин ҳақида

Самарқандда Ўзбекистон Кубоги иккинчи саралаш босқичи доирасида «Динамо» ҳамда «Оқтепа» жамоалари ўртасидаги ўйин бўлиб ўтди. Карантин сабаб тўхтатилган ўзбек футболи тиклангач, аксар ўйинлар жуда зерикарли ўтаётганди. Ҳатто Суперлига ўйинлари ҳам. Аммо Самарқанддаги кубок ўйини жуда қувноқ ва юқори темп билан ўтди.

Ўйин олдидан кўпчилик «Динамо»нинг ғалабасини кутганди, чунки самарқандликлар биринчи босқичда «Истиқлол»ни мағлуб этган ва ишончли ҳаракат қилганди. Бундан ташқари, «Динамо» ўтган мавсумни юқори дивизионда ўтказган ва табиийки фаворит эди. Бироқ яхши футболчиларни йиғиб олган «Оқтепа» ажойиб ўйин кўрсатиб, кейинги босқичга йўл олди.

Ўйин қаҳрамони «Оқтепа»нинг нигериялик футболчиси Иброҳим Томива бўлди. У ҳет-трик қайд этиб, жамоасининг ғалабасини таъминлади. 22 ёшли бу футболчи Португалиянинг «Фейренсе» клубидан кетиб Ўзбекистонга келган. Илк марта Самарқандда «Динамо» сафида кўрикдан ўтолмагач, «Оқтепа»га йўл олган. Томива бу ўйинда қайсидир маънода «Динамо»дан реванш олди десак бўлади.

«Динамо»га учта гол урган ҳужумчи кубокнинг биринчи саралаш босқичида ҳам «Зомин»га гол урганди. Унинг тезлиги ва техникаси Про-Лига даражаси учун жуда яхши дейиш мумкин. Суперлигада ҳам бунақа техникали футболчилар кўп эмас.

Ўйиннинг биринчи бўлимида «Оқтепа» яққол етакчилик қилиб ғалабани деярли таъминлаб қўйгандек кўринганди. Бироқ иккинчи бўлимда «Динамо» вабанкка бориб, учта гол уришни уддалади. «Оқтепа» урган тўртинчи гол эса амалда ғалаба голи бўлди. «Динамо» голларининг барчасини ўйиннинг охирги 15 дақиқасида урди.

Самарқандлик футболчилар урган иккита гол «Оқтепа» ҳимоячиларининг палапартиш ҳаракати ортидан содир бўлди. Учинчи гол эса жуда чиройли чиқди. Шохруҳ Абдураҳмонов жарима зарбасини тўпни «жонли девор»дан айлантириб голга айлантирди. Унинг голи яқинда «Сельта» футболчиси Яго Аспаснинг «Барселона» дарвозига урган голига ўхшади.

Ўйиндан кейин «Динамо»нинг янги мураббийи Равшан Аҳмедов жамоаси рақибни менсимаганини тан олди. «Оқтепа» мураббийи Александр Ежов эса жамоаси майда тўп узатишларга асосланган ўйин услуби орқали ғалабага эришганини айтди: «Ҳа, биз айнан шундай ўйин услубини ташкил этишни хоҳлаяпмиз. Клуб директори Алишер Шоғуломов ҳам шундай услуб тарафдори», деди мураббий ўйиндан кейин.

Tribuna.uz мухбири ўйинни Самарқанддаги «Динамо» стадионида кузатди. Қуйида ўйиндан тайёрланган фотогалереяни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид