Жаҳон | 20:53 / 05.07.2020
21698
6 дақиқада ўқилади

Рэпер Канье Уэст ўзини Трамп ўрнига таклиф қилди. Бу жиддийми?

Америкалик рэп-ижрочи Канье Уэст твиттердаги саҳифасида президентликка номзодини қўймоқчи эканлиги ҳақида ёзди. Мусиқачининг нияти ҳазил ёки чинлиги номаълум, аммо Ким Кардашяннинг турмуш ўртоғи ёзган твит атиги бир соат ичида юз минг мартадан ортиқ ретвит қилинди.

Фото: Getty Images

Бу Уэстнинг президентлик ҳақида биринчи марта гапириши эмас: октябрь ойида, ўзининг янги альбоми чиққанидан сўнг берган интервьюсида у 2024 йилда АҚШда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида номзод бўлишга ваъда берган, аммо у президентлик амбициялари ҳақида илк марта 2015 йилда эълон қилганди. Ўша вақтларда Канье ўзини АҚШ Демократик партияси билан боғларди. Ўшандан бери унинг сиёсий хайрихоҳлиги ўзгариб кетди – у республикачи президент Дональд Трамп билан бир неча марта учрашди, уни қўллаб-қувватлади ва Трампни ўз акаси деб атади.

«Энди биз, Худога ишонган ҳолда, ўз қарашларимизни бирлаштирган ва келажагимизни қурган ҳолда, Американинг қудратини намоён қилишимиз керак. Мен АҚШ президентлигига номзодимни қўймоқчиман» – #2020VISION ҳештеги қўйилган бу твит Уэст томонидан 4 июль куни Мустақиллик байрамида эълон қилинди.

Ҳозирча сиёсатчилардан бирортаси Уэстнинг ушбу баёнотига муносабат билдирмаган.

Ижтимоий тармоқларда 30 миллион фолловерга эга бўлган Уэстга турлича муносабатлар билдирилган, изоҳлар орасида «жуда кеч рўйхатдан ўтиш» ва «Тейлор Свифт сиздан ҳам яхшироқ» каби ҳазиллардан тортиб «бу одамга ёрдам беринг» деган чақириқлар ва «Мен Байден биланман» гапларни учратиш мумкин.

Ушбу ғоянинг энг таниқли тарафдорлари орасида яқинда ҲКСга ўзининг «Драгон» космик кемасини учирган Илон Маск ҳам бор; худди Уэст каби шов-шувга мойил бўлган бизнесмен Каньенинг пости остига шундай деб ёзган: «Мен сизни тўлиқ қўллаб-қувватлайман».

Рэпернинг таниқли рафиқаси Ким Кардашьян Уэст эрининг твити ортидан тармоққа Америка байроғи туширилган суратни жойлаштирди.

У улгура оладими?
АҚШда сайловлар 3 ноябрь куни бўлиб ўтиши керак, шундай қилиб агар 43 ёшли мусиқачи икки асосий номзод – республикачилардан Дональд Трамп ва демократлардан номзоди кўрсатилган Жо Байден билан жиддий рақобатлашмоқчи бўлса – демак, унинг барча расмий доираларда юришга кўп вақти қолмади.

Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Канье ўзининг исми штат (аниқроғи, унинг ҳолатида бу Калифорния бўларди) сайлов варақасида кўрсатилиши учун Федерал сайлов комиссиясига ҳеч қандай ҳужжат топширмаган, аммо кўп штатларда бу муддат ҳали тугамаган ва Уэст мустақил номзод сифатида кўрсатилиши мумкин.

АҚШда президент лавозими учун анъанавий равишда икки етакчи партия – Республикачилар ва Демократик партия номзодлари реал имкониятларга эга ҳисобланади. Бироқ учинчи партиялар ёки мустақил номзодлар сайловлар давомида кўп овоз тўплаганига мисоллар мавжуд.

Аммо бу ҳолатда ҳам, президентлик кампаниясини сайлов йилининг июль ойидан нолдан бошлаш учун кўплаб тўсиқларга дуч келади. 

Назарий жиҳатдан, у учинчи бир партия ёрдамини олиши ёки янгисини рўйхатдан ўтказиши мумкин.

1992 йилда техаслик миллиардер Росс Перо сайловларда мустақил номзод сифатида қатнашган ва 18,9 фоиз овоз олган. Кейинги сайловда иштирок этиш учун, 1996 йилда Перо янги Ислоҳотчилар партиясини рўйхатдан ўтказди, аммо натижада камроқ - 8 фоиз.

Алдов ва ўзини реклама қилишми?
Канье Уэст бу билан ўзини пиар қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Баъзи кузатувчилар бу қадам Жо Байденни қора танли электорат сафидан чиқариб юборишга қаратилган ва шу билан Трампга ёрдам берувчи айёр режа эмасми деган саволлар бера бошлашган.

Канье Уэст амалдаги президентни узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келади ва унга қойил қолишини очиқчасига билдирди. 

2018 йил октябрь ойида Канье ва унинг рафиқаси Трамп билан қамоқхона ислоҳотини муҳокама қилиш учун Оқ уйга ташриф буюришганди. Рўзномалар президент ва репер ўртасида юзага келган «оғайничилик» ҳақида ёзиб, ушбу кутилмаган мусиқа ва сиёсат альянсини 1970 йилда Ричард Никсоннинг Элвис Преслини қабул қилганига қиёслашди. 

Канье ўшанда Оқ уйга Трампнинг машҳур «Make America Great Again» (Американи яна буюк қиламиз) шиори ёзилган қизил бейсболкада келганди. Учрашувда Трампга Канье Уэстнинг президент бўлиши эҳтимоли ҳақида берилган саволга у «Албатта бўлиши мумкин» деб жавоб берганди.

Айнан ушбу саволга Уэст шундай жавоб қилган: «Фақат 2024 йилдан кейин. Яхшиси, келажак ҳақида қайғурмайлик. Биз эгалик қилаётган ҳамма нарса бугунимиздир». Рэпер 2024 йил деганда Трампнинг эҳтимолий икки муддатининг сўнггиси тугамасидан номзодлик ҳақида ўйламаслигини назарда тутгани аниқ. 

2019 йил январь ойида у яна сирли «2024» твитини ёзди ва кўпчилик унинг айнан шу йилда номзодини илгари суришига ишонтирди.

Forbes нашри апрелда Уэстни миллиардер деб тан олганди. Нашр унинг бойлигини 1,3 млрд долларга баҳолаган. 

Мавзуга оид