Ўзбекистон | 21:28 / 09.07.2020
18755
2 дақиқада ўқилади

ОТМларда 1-курс талабалари ўқишни октябрда бошлаши мумкин

Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 2020 йилда талабаликка қабул қилинадиган 1-курс талабалари ўқишни октябрда ойида бошлаши мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази директори Мажид Каримов 9 июль, пайшанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Мажид Каримовнинг сўзларига кўра, эпидемиологик вазият ўнгланмаса, ОТМга кириш имтиҳонларининг сурилиши масаласини айни пайтда олдиндан айтиб бўлмайди.

«Тест – ОТМга кириш учун ўтказиладиган синов. Юқори курсларнинг дарсини вақтлироқ бошлаш мумкин. 1-курсларни октябрда бошлаш мумкин. Республика махсус комиссияси вазиятга қараб таклифлар асосида қарор қабул қилади», деди ДТМ раҳбари.

Унинг қайд этишича, ОТМга талабаларнинг тест синовларисиз қабул қилиниши мумкин эмас. Комиссия қарори билан якуний хулоса маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 8 июль, чоршанба куни Республика махсус комиссиясининг мамлакатда карантин чораларини кучайтириш бўйича ахбороти юзасидан бўлиб ўтган матбуот анжуманидан кейин турли манбаларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ Давлат тест маркази мазкур хабарларни рад этди ва давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби ўзгармаганини маълум қилди.

Мавзуга оид