Қирғизистон президенти пандемия юзасидан ҳамюртларига мурожаат қилди
Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков пандемия юзасидан яна ҳамюртларига мурожаат қилди. Жээнбеков бу билан боғлиқ ҳолда 30 июнда ҳам қирғизистонликларга юзланганди.
“Ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак, бирдамлик ва юқори даражадаги фуқаролик масъулияти эвазига бу касалликни енгамиз”, деб мамлакатдаги эпидемиологик вазият юзасидан ўз мурожаатини бошлаган Жээнбеков.
У Қирғизистон ҳам бошқа давлатлар каби ҳозир қийинчиликлар ва пандемия оқибатларини бошдан ўтказаётганини айтган. Мамлакат янги тарихидаги энг мураккаб даврни бошдан кечирмоқда ва пандемия халққа кўп кулфат келтирган.
“Касаллик туфайли ўнлаб ҳамюртларимизни йўқотдик. Ўз ҳаётини қирғиз давлатини ривожлантиришга, ўз халқи ва мамлакатига бағишлаган кўплаб таниқли шахслар ҳаётдан кўз юмди. Охиратлари обод бўлсин! Яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирамиз ва уларнинг қайғуларига шерикмиз. Даволанаётганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилаб қоламиз”, деб ўз сўзларини давом эттирган Қирғизистон раҳбари.
Президент мамлакат ҳозирда халқ саломатлиги учун шафқатсиз кураш вазиятида қолаётганига эътибор қаратган. “Бу курашнинг муваффақтияти бирдамликка боғлиқ бўлади. Бугунги кун қаҳрамонлари бўлган шифокорлар халқ соғлиғини асраш учун ўз ҳаётларини тикиб кун-у тун кўринмас душман билан кураш олиб бормоқда. Уларнинг жасорати ва фидокорлиги олдида бош эгаман ва уларнинг бебаҳо меҳнатлари учун чуқур миннатдорлик билдираман”, деб таъкидлаб ўтган Жээнбеков.
Қирғизистон президенти мамлакатдаги вазият унинг ва хавфсизлик кенгашининг назоратида эканлигини таъкидлаб ўтган.
“Барча давлатларда халқнинг ҳукуматга нисбатан талабчанлиги ошмоқда. Бу табиий ҳолдир. Бизда ҳам талаблар ва муайян муаммолар бўйича норозиликлар билдирилмоқда. Мен барчасини кўриб турибман, тушунаман. Бизда муаммолар кам эмас. Мен ҳам, сизнинг ҳар бирингиз ҳам уларни иложи борича тезроқ ҳал бўлишини истаймиз. Ҳозир ўзини оқлаш ва бугунги кундаги кўп нарсалар аввалги йиллардаги хатолар натижаси эканини, 30 йил давомида тўпланиб қолган муаммолар сабабли пайдо бўлганини тушунтириб ўтиришнинг мавриди эмас. Ҳозир айбдорларни излашга вақт йўқ”, деб айтган Қирғизистон етакчиси ўз мурожаатида.
Унинг таъкидлашича, Қирғизистон бошига тушган оғир синов халқни жипслаштирди, бирдамлигини мустаҳкамлади. Тадбиркорлар, кўнгиллилар ва барча бефарқ бўлмаганлар ёрдам кўрсатмоқда. Қирғизистон президенти барчани янада жипсроқ, бирдамроқ бўлишга, ўзаро ёрдам беришга чақирган. У ҳар бир фуқаро ўз оиласи, ўз фарзандлари учун жавобгар эканини таъкидлаб ўтган.
“Мен халқ олдида масъулман. Ёрдамингиз ва қўллаб-қувватловингиз билан бу бало устидан ғалаба қозонамиз. Мен сизларга ишонаман, ҳурматли ҳамюртлар. Биз бу оғир кунларда бирдамлигимиз ва ҳамжиҳатлигимизни кўрсатдик. Сизнинг матонатингиз учун миннатдорлик билдираман. Барча фуқаролар кўринмас душманга қарши бирлашди. Давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Ушбу кунларда биз – ҳамжиҳат Қирғизистон халқи тарихнинг бу оғир синовини муносиб енгиб ўтмоқдамиз. Биз биргаликда, Тангрининг инояти билан ва халимиз иноқлиги эвазига одамларимизнинг ҳаёти ва соғлиғи учун бу оғир курашда ғалаба қозонамиз”, деб айтган Жээнбеков.
Қирғизистон президенти аҳоли ўртасида турли саволлар пайдо бўлаётганига ҳам эътибор қаратган. Улардан бири – ҳукумат хориждан, халқаро молия ташкилотларидан тушган ёрдамни “ўз чўнтагига ургани” ҳақидаги гаплардир. Жээнбеков ҳукумат бу масала бўйича барча маълумотни очиқ-ойдин тақдим қилишига ваъда берган.
“Ҳаммага маълум, мен халқ мулки ва давлат ғазнасига кўз олайтирадиганларга нисбатан шафқатсизман. Шу сабабли сиз билан бирга мамлакатимизга келиб тушаётган ёрдамнинг мақсадсиз ишлатилишига йўл қўймаймиз”, деб таъкидлаб ўтган Қирғизистон раҳбари.
“Биз давлат ҳокимияти хизмат қиладиган кучли халқмиз. Халқимизнинг ўзига хос жиҳати – ҳеч қачон тушкунликка тушмаслик ва келажакка ишонч билан боқиш, яхшиликка ишонишдир. Тангри умид ва ишончни йўқотмайдиганларни ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Тангри кўмаги, халқнинг ҳамжиҳатлиги эвазига бу вазиятдан муносиб чиқамиз. Еримизда доим тинчлик ва осойишталик ҳукм сурсин! Тангри севимли Қирғизистонимизни ўз паноҳида асрасин!”, деб ўз сўзларини якунлаган Сооронбай Жээнбеков.
Ҳозирги кунда Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 8847 нафарни, ундан вафот этганлар 116 нафарни ташкил қилмоқда, 3 мингдан кўпроқ киши соғайиб кетган. Сўнгги суткада касалланганлар сони 287 нафарга кўпайган.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024