Жаҳон | 01:34 / 14.07.2020
7966
2 дақиқада ўқилади

Журналист Иван Сафроновга давлатга хиёнат қилиш айблови эълон қилинди. У айбловни тан олмаяпти

Фото: РИА "Новости"

Адвокат Иван Павловнинг сўзларига кўра, ФХХ экспертлари «Сафроновнинг чоп этган ишларида давлат сирларини топмаган».

«Роскосмос» раҳбари маслаҳатчиси ва журналист Иван Сафроновга расман давлатга хиёнат қилиш айблови эълон қилинди. Унинг адвокати Иван Павловнинг хабар беришича, Сафронов бу айбловни тан олмаган.

«Ҳозир айблов эълон қилинди. Ҳукмда Сафронов чех махсус хизматидан моддий рағбатлантириш олгани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, унинг нималар бергани, бу қачон бўлгани, аниқ бир маълумотлар йўқ», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Интерфакс».

Терговнинг таъкидлашича, Сафронов маълумотни бериш учун Vera Crypt шифрлаш дастуридан фойдаланган.

«Бу журналистлар ҳам, адвокатлар ҳам, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам фойдаланадиган, бозорда кенг тарқалган маҳсулот», — деди Павлов.

Бундан ташқари, Павловнинг сўзларига кўра, ФХХ экспертлари «Сафроновнинг чоп этган ишларида давлат сирларини топмаган». Адвокатнинг фикрича, айблов томони шу йўл билан Сафронов иши унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ эканлигини инкор этишга уринмоқда. 

  • Иван Сафронов 7 июлдан буён ҳибсда сақланмоқда. У Чехия разведкасига маълумот етказишда айбланмоқда.
  • Сафроновнинг ҳимоячиси у журналистик фаолияти учун таъқибга олинмоқда деган фикрда.
  • 13 июль куни «Лефортово» тергов изолятори биноси яқинида яккалик пикетлар бўлиб ўтди. Норозилик билдиришга чиққанлар қўлга олинди.

Мавзуга оид