Жамият | 13:13 / 16.07.2020
38076
10 дақиқада ўқилади

Бахмалда фермерларнинг ери товон тўланмасдан итальянларга берилмоқда: депутатлар кимнинг фойдасига қўл кўтаришган?

Сайт таҳририятига Бахмал туманида бир гуруҳ фермерларнинг ери ноқонуний олиб қўйилаётгани ҳақида хабар келди. Улар ўз ерини обод қилиш учун бир неча юз миллионлаб харажат қилишган. Аммо бу билан ҳеч кимнинг иши бўлмаётгани ҳақида маълум қилишди.

Kun.uz мухбирлари ҳолатни ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида бўлишди. Вазиятни расмий идораларда тушунтиришдан кўра, фермерлар деҳқончилиги, меҳнатлари маҳсулини кўришимиз мақсадида далага бошлашди.

Очиғини айтиш керак, сўнгги йилларда фермер хўжаликларни тартибга олиш, оптималлаштириш мақсадида кимдандир ер олинди, кимгадир қўшилди. Ҳарқалай, бу ислоҳот билан энди хато қилмаслик, яна қайсидир фермернинг «бурнини қонатиш»га йўл қўймаслик мақсад қилинди. Шунинг баробарида, ер ўз эгасини топсин, дейилди.

Энди бир мисол. «Шаҳбоз-Жавоҳир» фермер хўжалигининг фаолияти 2019 йилнинг ёзида қайта кўриб чиқилган. Бахмал тумани ҳокими Муса Анорбоевнинг қарори билан хўжаликка қўшимча ер ажратилган. Эътибор қилинг, бу масала халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида муҳокама ҳам этилган. Узоқ муддатга фермер фойдаланиши кўзда тутилган.

Буни қарангки, ҳокимлик белгилаб берган ўша «узоқ муддат» атиги бир йил экан!

«Шаҳбоз-Жавоҳир» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Абдумутал Қаршиевнинг айтишича, бу ерлар хўжаликка топширилаётган вақтда янтоқзор бўлган. Сувли ер, деб ҳисоблангани билан бу ҳудудларга ариқ суви етиб келиши ҳам осон эмас. Шу сабабли аксарият хўжаликлар ўзи учун электр энергияси тортиб келган ва артезиан қудуқлари орқали экинини суғоради. Абдумутал ака ер олиб қўйилаётгани сабабли уч-тўрт йил давомида қилинган сарф-харажатга куйиб қолаётгани ҳақида гапирди.

«Ишламаётган, шартнома режасини бажармаётган бўлсак ҳам майли эди. Керак бўлса, ҳар йили қўшимча пилла ҳам топширамиз. Икки-уч кун аввал кимнингдир топшириғи билан артезиан қудуқлар учун тортиб келинган электр энергиясини узиб кетишди. Натижада, экинларимиз қуриб-қақшаб қоляпти», дейди иш бошқарувчи.

«Нигора Тоғаева» фермер хўжалигида ҳам аҳвол шу. Хўжалик раиси Шерқул Сафаровнинг айтишича, у уч йил аввал фаолиятини бошлаган.

«Йигирма йиллар давомида бу жойларга биров эътибор қилмаган, ташландиқ ерлар эди. Туманимизнинг аввалги ҳокими аксариятимизга икки гектардан сувли ер бериб, қолганига лалми, яйлов ерларни обод қилиш, артизиан қазиб, боғдорчилик қилишимиз шартини қўйганди. Шунга ишониб ток экдик, боғ қилдик, ерни увол қилмаслик учун боғ орасини ҳам бекор қўймадик. Энди тайёр бўлай, деган экинларимиз, боғларимизни бузиб ташламоқчи бўлишяпти», дейди у.

Табиий савол туғилади: хўш, ҳокимлик нега фермерларнинг ерини қайтариб олмоқчи?

Фермерларга ҳокимлик вакилларининг маълум қилишича, бу ҳудудларда заъфарон ўсимлиги экилиши режалаштирилаётган экан.

«Ўн бир гектар ерда боғдорчилик қилиб, ниҳол ораларига ҳам экин экиб келяпмиз. Жами 3200 туп боғимиз ҳосилга кирди. Менга бу ерлар кластерга берилади дейишгач, боғимни кўрсатдим. Майли, меҳнатим, қилган харажатларимни баҳолатамиз, тўлаб берасизлар, дедим. «Йўқ, керак бўлса ўзингиз бузиб, тозалаб берасиз», дейишди. Кластер вакиллари ҳам келиб «ҳокимлик нега бизга ҳосилдор ерларни беряпти», деб ҳайрон. Уларга ҳам шу таклифимни бердим, бузишсин, товонини тўлаб беришсин. Кластердагилар бунга келишилмаганини айтиб, керак бўлса ҳокимликка бориб ерингизни дастурдан чиқариб олинг, дейишди. Хуллас, бизни на ҳокимлик, на фермерлар кенгаши ҳимоя қиляпти», дейди «Жўрабек Достон даласи» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Жўрабек Пўлатов.

Вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Бахмал тумани ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокими Муса Анорбоев йиғилишда бўлгани сабабли қисқа изоҳ берди. У киши ҳаммаси қонун доирасида кетаётгани ва ҳокимликнинг тегишли вакиллари маълумот беришини маълум қилди.

Ушбу масала юзасидан туман инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Умаров маълумот берадиган бўлди. 

«Жорий йилнинг март ойида Италиядан делегация келди. Ўша учрашувда бир қатор вазирликлар, вилоят, туман ҳокими иштирокида ушбу лойиҳа тасдиқланди. Яъни, биз Италиянинг «Opera SRL» компанияси билан ҳамкорликда 27 миллион АҚШ долларлик лойиҳа асосида 400 гектар ерда заъфарон ўсимлиги етиштирмоқчимиз. Инвесторларга икки-учта жойни кўрсатдик, уларга айнан «Тонготар» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ўша жойлар маъқул келди. Ушбу лойиҳа халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида кўриб чиқилди ва маъқулланди. Шундан сўнг «BMB Opera Zafferano» қўшма корхонасини ташкил қилдик ва ҳозирги вақтда ишлар бошланиб кетган. Шу кунларда италиялик мутахассислар келиши кутиляпти», — дейди ҳоким ўринбосари.

Д.Умаров лойиҳа амалга ошгач, 200та доимий иш ўрни, 3500та мавсумий иш ўрни яратилишини маълум қилди. Ҳозирги кунда қўшма корхонага олиб берилаётган ушбу ҳудудда 38та фермер хўжалиги фаолият кўрсатиб келган. Ҳоким ўринбосари фермер хўжаликлари кўрадиган зарар «BMB Opera Zafferano» қўшма корхонаси томонидан тўлаб берилишини айтиб ўтди.

Туман ҳокимлиги вакили фермерлардан ернинг олиб қўйилишига ягона асос сифатида ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИни илова қилди. Бундан ташқари, туман ҳокими тасдиқлаган баённома ҳам бор, аммо у айнан ҳокимликнинг «кайфияти» билан тайёрланадиган ҳужжат ҳисобланади. Фермерлар кенгашининг хулосаси бор дейилган бўлса-да, бу ҳужжат бизга тақдим этилмади. Ваҳоланки, ўша хулоса ҳақиқатда бўлган тақдирда ҳам унда фермернинг ёни олинмаган бўлиши табиий! (Бу кенгаш фермерларга ёрдам бериш учун тузилганмиди ўзи, деган риторик савол туғилади).

Боз устига, Д.Умаров гап орасида «қонунларимиз хорижий инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилиши»ни эслатиб ўтди. Нима, қонунларимиз маҳаллий фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташ учун яратилганми унда? Қонун барчага баробар ишлаши керак эмасми?

Мурожаатни ўрганиб қайтганимиздан сўнг «BMB Trade Group» компаниясининг («BMB Opera Zafferano» қўшма корхонаси ҳам шунинг негизида ташкил қилинган) бош директорининг ОАВ ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Баҳодир Камилов биз билан боғланди. У киши ОАВда ёритадиган маълумотингиз холис бўлиши учун биз билан ҳамкорлик қилишингиз сўралади, деганидан сўнг атиги битта савол бердик: Бахмал туман ҳокимлиги айтаётганидек, фермер хўжаликлари кўрадиган зарарни қоплаб бериш компаниянинг режасида борми?

10 июль куни жўнатган сўровимизга бир оғиз «ҳа» ёки «йўқ» дейилишини кутяпмиз, аммо жавоб берилмади.

Қўйилган муайян саволга жавоб бериш ўрнига, Б.Камилов Бахмал туманида Италия билан 25 млн еврога тенг бўлган қўшма инвестициявий лойиҳа амалга оширилаётгани, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Италия хукуматлараро комиссиясининг икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурида алоҳида ўрин олгани ва шу йил давлат раҳбарининг Италияга ташрифи кун тартибига қўйилганини таъкидлади.

Б.Камиловнинг алоҳида таъкидлашича, мазкур лойиҳа компания манфаатлари билан чекланиб қолмай, республикамизнинг халқаро майдондаги сиёсий имижини кўтаришга ҳам хизмат қилар экан, шу туфайли у билан боғлиқ вазиятни ёритишда барча оқибатлари учун масъуллигимизни унутмаслигимиз керак экан.

Ие, бу қанақаси? Фермерлар қилган харажатига куйиб қоляпти. Кўриниб турибдики, туман кенгаши қарорида қайд этилганига қарамасдан, италияликлар билан гапни бир жойга қўйган маҳаллий ҳамкорлар фермерларнинг зарарини қоплаб бермоқчи эмас. «Мол аччиғи — жон аччиғи», деганларидек, бахмаллик фермерлар ўта ғазабда.

Хўш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги сиёсий имижни ким пасайтираётган бўлади шунда? Бировнинг заҳмат чекиб очган ерига ҳеч қандай товон пулларисиз кириб келаётган италияликларми, меҳнатига жони ачиётган фермерларми? Умуман, ўша Италиядаги ҳамкорларнинг масала мана шундай тус олаётганидан хабари бормикан?

Мурожаатчи фермерларнинг қўнғироғи тингани йўқ. Эшитдикки, Жиззахда боғларни бузиш, фермерларга турли маҳаллий ташкилотлар орқали босим ўтказиш тинмаяпти. Аксинча янада кучайиб бораётгани ҳақида хабарлар келиб турибди. Видеолар ташлаб бериляпти...

Биз мурожаатни ўрганиш чоғимизда Бахмал туманида қўшма корхонага ери олиб берилаётган яна саккизта фермер хўжалиги ҳақида маълумот келди.

Жуда оғир савол пайдо бўлмоқда: Халқ депутатлари туман кенгашларининг сессиясида масалаларнинг қандай муҳокама этилишидан яхши хабардормиз. Нега атиги бир йил аввал бошқа қўшиқ, энди бошқа қўшиқ айтиляпти? Узоқни ўйлаб қилинаётган ислоҳот қани? 30 нафар халқ вакили – депутатларнинг қўл кўтариши фуқаронинг фойдасига хизмат қилмас экан, унда зарари ҳам тегмасин!

Kun.uz тегишли ташкилотлардан мазкур вазиятга холис муносабат кутади.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.

Тасвирчи: Жаҳонгир АЛИБОЕВ. 

Мавзуга оид