Ўзбекистон | 22:50 / 16.07.2020
17178
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусга чалинган беморни уйда даволаш жараёнида вирус юқтириб олмаслик учун қандай кўрсатмаларга амал қилиш кераклиги маълум қилинди

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморни уйда даволаш жараёнида вирус юқтириб олмаслик учун амал қилиш лозим бўлган кўрсатмаларни эслатди.

«Коронавирус ташхиси қўйилиб, касаллик енгил кечиши муносабати билан уйда қолдирилиши учун, ушбу бемор яшаб турган уйда етарлича шарт-шароит бўлиши керак. Энг аввало, бемор бошқалардан ажратилиши учун шароит борми, уни парвариш қиладиганлар шифокор тавсияларига қатъий риоя қиладими, беморнинг оила аъзоларига касаллик юқиб қолиш эҳтимоли йўқми деган саволларга жавоб топиш керак.

Агар бемор катта ёшда ва сурункали касалликлари (масалан, юрак ёки ўпка касаллиги ёки диабет) мавжуд бўлса, у ҳолда касаллик қандай кечишидан қатьий назар, бемор албатта шифохонада даволаниш керак.

Уй шароитида беморларни парваришлаш билан шуғулланадиган шахслар ҳимоя воситаларидан фойдаланишлари, антисептик воситалар билан қўлларини зарарсизлантиришлари, хона ҳавосини тез-тез шамоллатиб туриш, хонани намлик усул билан тозалаш, оила-аъзоларининг тана ҳароратларини ўлчаб туришлари шарт бўлади», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Аввалроқ у Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этаётганларнинг ўлимига асосан ортиқча вазн ва пневмония сабаб бўлаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарган, шу билан бирга, айрим беморларга қилинмаган муолажа учун катта харажатлар ёзилаётгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирган эди.

Мавзуга оид