Спорт | 14:46 / 17.07.2020
24378
5 дақиқада ўқилади

«Жасурни трансфер қиляпмиз». «Бунёдкор» ФК раҳбари Европадан таклифлар, Ғиёсовнинг қайтиши ва коронавирус ҳақида

Сўнгги ҳафталарда «Бунёдкор» клуби яримҳимоячиси Жасур Жалолиддиновнинг трансфери миш-мишлари, Хуршид Ғиёсовнинг Кореядан қайтиши мумкинлиги ҳамда Суперлигадаги илк коронавирус ҳолати футболимиз айвонидаги асосий воқеалардан бўлиб турибди. Бу борада аниқ маълумот олиш учун Kun.uz сайти «Бунёдкор» бош директори Улуғбек Мирзаевдан интервью олди. Жамоа раҳбари суҳбат давомида Жасур Жалолиддиновга Европадан бўлаётган таклифлар, трансфер пули, Хуршид Ғиёсовнинг Кореядан қайтиш имкониятлари ҳамда қайси футболчининг коронавирус юқтириб олганини очиқлади.

«Бунёдкор»нинг қайси футболчисида коронавирус аниқланди? Клубдаги вазият қандай?

- 7 июль кунги Суперлига доирасидаги «Навбаҳор» билан ўйин олдидан футболчиларимиздан бирида ҳарорати кўтарилиб, иситма кузатилди. Лекин ўйинга 2 кун қолганида футболчи ўзини яхши ҳис қилаётганини мураббийлар штабига айтди, шахсан ўзим ҳам гаплашдим. Шу боис у «Навбаҳор»га қарши ўйинда майдонга тушди. Гап жамоамиз ҳимоячиси Исломжон Қобилов ҳақида кетаяпти.

Ўйин якунидан кейин барибир тест топшириш кераклиги ҳақида қарорга келдик ва 9 июль куни Исломжон Қобилов тест топширди. 12 июль куни эса тест жавобида унинг вирус юқтириб олгани маълум бўлди. Шунга қарамай, шифокорлар ва инфекционистлар клуб қароргоҳида бўлиб, футболчимизни текширувдан ўтказишди ва уларнинг айтишича бу вирус олиб юрувчи шахс эмас. Қобиловдаги вирус аломатлари жуда енгил эканлиги туфайли иситмаси ҳам пасайган. Футболчига 4-5 кун даволаниш тавсия қилинди.

Шунга қарамай, клуб ва қароргоҳимиздаги жами 65 нафар кишини тест топширишга ундадик. 20 нафар футболчимиз бўйича жавоблар маълум бўлди, улардан ҳеч бирида вирус аломатлари йўқ. Тез орада ходимларимизнинг ҳам топширган тест жавоблари берилади. Умид қиламанки, ҳеч кимда инфекция аниқланмайди. Ҳаммаси яхши бўлса, биз бу маълумотларни ПФЛга тақдим этамиз. Рухсат берилгач, Суперлига доирасидаги «Металлург»га қарши ўйинга тайёргарликни бошлаймиз.  

Улуғбек Мирзаев

Корея клубини тарк этган Хуршид Ғиёсов «Бунёдкор»га қайтадими?

- Хуршид «Аньянг» жамоасига бориб қўшилганидан буён доимий алоқадамиз. Чинданам, у жамоаси билан шартномасини бекор қилди. Алоҳида қайд этиш керакки, Корея клуби ўз мажбуриятлари асосида Хуршидга товон пулларини тўлаб берган. Ҳозирда футболчи ҳали ҳам Кореяда бўлиб турибди. Сабаби у ерда яна 10 кун трансфер ойнаси очиқ бўлади. Ғиёсовни айтишича, ҳозирда унга Кореянинг қуйи лигасидан иккита клуб қизиқаяпти. Улар билан футболчининг агенти музокара олиб бормоқда. Хуршиднинг яна «Бунёдкор»га қайтиши музокараларнинг қандай тугашига боғлиқ. У корейслар билан келишувга эриша олмаса, биз уни хурсандчилик билан кутиб олишга тайёрмиз. Унинг ўтган йилги 10-рақамли футболкаси ҳам бўш турибди. Қайтса, у яна шу рақамда тўп суриши мумкин бўлади.

«Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича «Локомотив» ва «Бешиктош»дан расмий таклиф олдик, Испания, Бельгия клубларидан эса қизиқиш бор»

- Жасур Жалолиддинов трансфери бўйича Москванинг «Локомотив» клуби билан музокаралар давом этаяпти. Футболчимиз ушбу клубга ўтиш эҳтимоли катта. Ҳозирча трансферни расмийлаштириш ишлари охирига етказилгани йўқ. Музокарани сўнгги босқичи давом этаяпти. Барчаси муваффақиятли якунланган тақдирда ҳам, ҳозирги пандемия шароитида унинг Москвага етиб бориш масаласи осон бўлмайди.

Жасурга Туркиянинг «Бешиктош» клубидан ҳам расмий таклиф бўлди. Шунингдек, таклиф бўлмаса-да, Бельгиянинг «Андерлехт» клубидан, Молдованинг етакчиларидан, Испания ва БАА клубларидан қизиқиш мавжуд. Аммо улар билан фақат оғзаки мурожаат бўлди, расмий таклифни эса «Локомотив» Москва ҳамда «Бешиктош»дан олдик. Жасурнинг ўзи «Локомотив» клубида тўп суришга қарор қилгани туфайли, унинг истакларини инобатга олган ҳолда ҳозирда Россия клуби билан музокаранинг якуний босқичини олиб бораяпмиз. Барчаси тез орада ҳал бўлади.

Жасур Жалолиддиновнинг трансфер нархи қанчани ташкил этади?

- Трансфер нархини яшириб ўтирмайман. Бугунги кунда «Локомотив» клуби Жасур Жалолиддиновни умумий 350 минг евро миқдоридаги трансфер пули эвазига сотиб олаяпти. Футболчимиз 18 ёшга тўлганлиги учун улар ҳам харажатга яраша Жасур билан кўп йиллик шартнома тузишса керак. Ҳар ҳолда масалан, биз ҳам бирорта ёш футболчини катта пулга сотиб олсак, шундай йўл тутамиз. Москва клуби ҳам ўзбекистонлик футболчи билан камида 5 йиллик шартнома имзоласа керак. 

Мавзуга оид