Ўзбекистон | 12:59 / 18.07.2020
25369
1 дақиқада ўқилади

Бугундан коронавирус аломатлари сезилган беморлар тест таҳлили натижаларисиз ҳам тиббиёт муассасаларига жойлаштирилиши мумкин

Бугундан бошлаб клиникаларга беморларни қабул қилиш тест синамаларисиз амалга оширилади. Яъни энди бемор ўзи мурожаат қилганда ёки «Тез ёрдам» хизмати орқали унга тест таҳлили натижасисиз ёрдам кўрсатилади.

Бу ҳақда бугун, 18 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Феруза Ҳамробоева маълум қилди.

Феруза Ҳамробоеванинг таъкидлашича, бугун Республика махсус комиссиясининг йиғилиши ўтказилган. Мазкур йиғилишда Махсус комиссия томонидан коронавирусга топширган тест таҳлилининг натижалари ҳали чиқмаган, бироқ коронавирус аломатлари сезилаётган фуқароларни ҳам тиббиёт муассасаларига жойлаштириш мумкинлиги тўғрисида кўрсатма берилган.

«Бугундан бошлаб клиникаларга беморларни қабул қилиш тест синамаларисиз амалга оширилади. Яъни энди бемор ўзи мурожаат қилганда ҳам ёки «Тез ёрдам» хизмати орқали ҳам унга тест таҳлили натижасисиз ёрдам кўрсатилади», - деди Феруза Ҳамробоева.

Аввалроқ Махсус комиссия томонидан уйда даволанаётган беморлар учун бепул тарқатиладиган дори воситалари рўйхати ва уларни қабул қилиш тартиби ҳақида маълумот берилган эди.

Мавзуга оид