Ўзбекистон | 18:20 / 21.07.2020
33735
2 дақиқада ўқилади

COVID-19 ва ЎРВИ ўртасидаги 4та асосий фарқ маълум қилинди

Ўткир респиратор вирусли касалликлар ва COVID-19 иситманинг кечиши, ўпканинг ҳолати, қондаги кислород даражасининг ўзгариши жиҳатидан фарқланади.

Фото: Сергей Мальгавко

«Ўзбекистон-24» телеканалида узатилаётган «COVID-19: савол-жавоб» кўрсатувида Тошкент врачлар малакасини ошириш институти доценти Дилфуза Ҳасанова коронавирус ва ўткир респиратор вирусли касалликлар (ЎРВИ) ўртасидаги асосий фарқларни санаб ўтди.

«Грипп ва шамоллаш сингари ўткир респиратор вирусли касалликлар ҳамда COVID-19’нинг кечиш жараёнлари жуда ҳам ўхшаш. Шунга қарамай, улар ўртасидаги бир неча асосий фарқларни кўрсатиб ўтиш мумкин.

Ҳид ва таъм билмаслик симптоми – COVID-19’нинг асосий белгиларидан бири ҳисобланса, ЎРВИда бу белгилар нисбатан кам кузатилади.

Коронавирусда тана ҳарорати 3-4 кун давомида 37 даража атрофида бўлиб, муолажалар тўғри қилинмаса, ҳарорат кўтарилишда давом этади ва хавфли тус ола бошлайди. ЎРВИда эса ётоқ режимига риоя қилинса, кўп суюқлик ичилса, иситма 3-4 кунда ўтиб кетади.

Сатурация (капилляр томирларнинг кислород билан тўйиниш даражаси) коронавирусда 95 фоиздан пасайиб кетиши мумкин, бошқа респиратор касалликларга бу хос эмас.

Яна бир фарқ – ўпка ҳолатининг томографик текшируви билан боғлиқ. COVID-19’да ўпка текширилганда, буғли ойна симптоми ҳосил бўлганини кўриш мумкин, шамоллаш ва гриппда бундай ўзгариш содир бўлмайди», – дея мутахассиснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид