Жаҳон | 15:32 / 22.07.2020
4534
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 2020 йил охиригача Boeing-737 MAX парвозига рухсат берилмайди

Иккита авиаҳалокатдан сўнг 2019 йил мартда бутун дунё бўйича 737 MАX самолётлари парвози тўхтатилганди.

Фото: Elaine Thompson/AP

Boeing-737 MAX самолётлари парвозига 2021 йил бошигача рухсат берилмайди, деб ёзади The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб. 

 Газетанинг қайд этишича, АҚШ фуқаро авиацияси федерал бошқармаси (Federal Aviation Administration, FAA) самолётнинг дастурий таъминоти ва қурилмаларидаги ўзгаришларни тасдиқлашдан олдин манфаатдор томонларнинг фикрини сўрашга қарор қилган. Регулятор октябр охири – ноябр бошларигача Boeing-737 MAX парвозига қўйилган тақиқни бекор қила олмайди, деб ёзади нашр.

 Учувчиларни тайёрлаш ва лайнерларнинг техник ҳолатини текшириш ишлари декабр охиригача чўзилиши кутилмоқда. Шундан кейингина лайнерлар учишига рухсат берилади.

 Иккита авиаҳалокатдан сўнг 2019 йил мартда бутун дунё бўйича 737 MАX самолётлари парвози тўхтатилганди. 2018 йил октябрда Индонезиянинг Lion Air авиакомпаниясига қарашли самолёт қулаши оқибатида 189 киши қурбон бўлганди. 2019 йил мартда Ethiopian Airlines авиакомпаниясининг Boeing 737 MAX самолёти қулади ва 157 киши ҳалок бўлди. Ҳалокатларга самолёт дастурий таъминотидаги хатолар сабаб бўлган.

Мавзуга оид