Ўзбекистон | 15:34 / 22.07.2020
9731
3 дақиқада ўқилади

Коронавирусга чалиниб тузалган абитуриентларга имтиҳонда қатнашишга имкон берилади

2020/21 ўқув йили учун ўтказиладиган кириш имтиҳони кунида абитуриентнинг тана ҳарорати 37 даражадан юқори бўлса, имтиҳонга киритилмайди. Улар учун тест синовлари тўлиқ якунлангач, тўртинчи куни имтиҳон ўтказилади. Вирусдан зарарлангани аниқланган абитуриентларга эса белгиланган вақтда имтиҳонга кириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсатномаси талаб этилади.

Бугун, 22 июль куни АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Диёрбек Қўчқоров коронавирус пандемияси даврида абитуриентларнинг имтиҳонга киритилиши шартлари тўғрисидаги саволларга жавоб қайтарди.

«Пандемия шароитида тест синовлари жараёнида абитуриентларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳудудга киритишда тана ҳарорати 37 даражадан юқорилиги аниқланган абитуриент тест синовларига киритилмайди. Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги масъул ходимлари ва Давлат тест маркази вакили иштирокида далолатнома тузиб, тиббий текширув ўтказилади.

Мазкур тартиб Давлат комиссиясининг 1-сонли баёни билан белгилаб қўйилган. Абитуриентнинг ҳарорати маълум вақт ўтгач Санитария-эпидемиология ва осойишталик агентлиги масъул ходимлари томонидан текширилганда ҳам тушмайдиган бўлса, у тест синовларига киритилмайди.

Бу абитуриент фақатгина тест синови жараёнлари тўлиқ якунлангандан кейин, яъни, тест синовлари бир ой давом этса, 34-куни тест топширади. Агар тест синовлари 25 кун давом этадиган бўлса, абитуриент имтиҳонни 29-кунда топишради. Фақат мана шундай ҳолатдаги абитуриентлар учунгина қўшимча тест синовлари ўтказиш белгилаб қўйилган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири. 

Шунингдек, вирусга чалинган абитуриентлар учун қандай йўл тутилиши ҳақида ҳам савол берилди. Маълум қилинишича, абитуриентда касаллик аниқланган ва у карантинга олиниб даволанаётган бўлса, у тестларга қўйилмайди ва алоҳида тест ташкил қилинмайди. 

«Олий таълимдаги ўқиш бу мажбурий таълим эмас. Ҳозир ОАВда ёритилаётганда кенг жамоатчилик ҳам бу масалага аҳамият бериши керак.

Бизда жамоатчилик соғлиғини сақлаш билан бирга абитуриентга ҳам қўшимча имконият бериляпти. Дейлик, абитуриент охирги тиббий кўрик натижасига кўра соғлом чиққан. Биз бу жараёнда унга имконият беряпмиз.

Аммо абитуриентда касаллик аниқланса ва белгиланган кунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан унга соғломлиги ҳақида хулоса берилмаса, тест синовларига қўйилмайди», деди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистонда бу йилги тест синовлари карантин қачон тугаса ўшанда бошланиши мумкинлиги хабар қилинганди. 

Мавзуга оид