Жамият | 08:13 / 25.07.2020
7436
2 дақиқада ўқилади

Иш ҳақи ва махсус устамани ўз вақтида олмаган тиббиёт ходимлари учун ишонч телефони ишга туширилди

Иш вақти соат 9:00 дан 21:00 гача.

Коронавирус инфекциясига қарши курашда фаол иштирок этаётган, аммо белгиланган иш ҳақи ва махсус устамаларини ўз вақтида олмаган тиббиёт ходимлари учун ишонч телефони йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, тиббиёт ходимлари тўғридан-тўғри тезкор Штабнинг ишонч телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин: +99871-207-99-84.

Қайд этилишича, иш вақти соат 9:00 дан 21:00 гача.

Март ойи охирларида коронавирусга қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини рағбатлантиришга оид президент қарори эълон қилинди.

Қарорга асосан, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган қатор тоифа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:

врачлар ва врач-лаборантларга 25 миллион сўм;

ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўмдан;

кичик тиббиёт ходимларига 10 миллион сўмдан;

бошқа ходимларга 5 миллион сўмдан.

Мавзуга оид