Ўзбекистон | 15:12 / 26.07.2020
23197
3 дақиқада ўқилади

Дунё миқёсида Covid-19'га қарши «Плаквенил»ни қўллаш тўхтатилмоқда. Мутахассис бунинг сабабини тушунтирди

Иммунолог-инфекционист Азиза Хўжаева нега коронавирусни даволашда «Плаквенил» (гидроксихлорохин) дорисидан фойдаланмаслик кераклигини тушунтирди.

Фото: 112.ua

«Ўз вақтида «Плаквенил» кўплаб одамларни безгакдан қутқариб қолган. Бу препарат безгакдан даволаш учун ишлаб чиқилган ва яхши фойда берган. У иммунитетни туширувчи (иммуносупрессор) хусусиятга эгалиги боис кейинчалик ревматологлар ҳам ундан фойдалана бошлашди.

Гап шундаки, препарат берилгач, унинг таъсирини олдиндан аниқ-равшан тахмин қилиб бўлмайди. Ғарб тиббиётида эса касалликни даволашда мақсадли ҳаракат қилинади. Агар интерлейкин-6 (яллиғланишга қарши ишловчи цитокин) кўтарилган бўлса, айнан шуни туширишга қаратилган препарат юборилади.

«Плаквенил» эса иммунитетнинг муайян қисмларини эмас, балки тўлиқ туширади. Айнан биз миқдорини пасайтиришимиз керак бўлган интерлейкиннигина эмас, бутун иммунитетни тушириб юборади. Натижада организм янги касалликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қила олмайди.

Иммунитетни сунъий равишда туширсак, нафас йўлларидаги микроб ва бактерияларнинг кўпайишига шароит яратиб берган бўламиз. Агар беморда пневмонит (ўпка алвеолаларининг яллиғланиши) кечаётган бўлса, бактериялар кўпайгани ҳисобига бактериал пневмония ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Эмпирик кузатувлар «Плаквенил»нинг коронавирусда керакли тарзда ишламаслигини кўрсатди. Шунинг учун ундан воз кеча бошлашди. Бу дегани гидроксихлорохин ёмон дори дегани эмас, шунчаки коронавирус касаллигида у самара бермайди; етказиладиган зарар олинадиган фойдадан кўпроқ бўлади.

Шунингдек, «Плаквенил» кумулятив таъсирга эга, яъни у организмга киргандан кейин тезда чиқиб кетмай, бирмунча узоқроқ вақт сақланиб қолади ва таъсир кўрсатиб туради. Ваҳоланки, беморнинг организмида бошқа касалликлар, масалан жигар хасталиги бўлиши мумкин. Кўплаб дорилар айнан жигар орқали метаболизмдан ўтади», – деди мутахассис «Тез ёрдам» дастурининг 25 июль кунги сонида.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосан аксарият давлатлар гидроксихлорохинни коронавирусдан даволашда фойдаланишни тўхтатган.

Аввалроқ препарат Ўзбекистонда ҳам даволаш протоколидан чиқарилган бўлса-да, уни муайян шахслар протоколга қайтаришга уринаётгани маълум бўлган эди. Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова ушбу препаратнинг COVID-19 терапиясида қўлланилиши зараридан огоҳлантиргач, «жим юриши»ни талаб қилиб номаълум шахсдан таҳдидли қўнғироқ бўлганини айтганди.

Мавзуга оид