Жаҳон | 11:40 / 26.07.2020
7707
2 дақиқада ўқилади

Сиэтлда намойишчилар исёнчилар деб эълон қилинди, ўнлаб одамлар қўлга олинди

Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳри полицияси шаҳардаги тартибсизликларни исён деб баҳолади. Бу ҳақда полициянинг твиттердаги саҳифасида ёзилган.

© РИА Новости / Зак Вилкинсон

Ҳуқуқ муҳофазачилари намойишчилар шаҳарда вояга етмаган жиноятчиларни сақлаш учун қурилаётган марказ ҳудудида қурувчиларнинг вагонларига ўт қўйишаётгани, шунингдек, полиция маҳкамасига бостириб киришга уринишганини маълум қилган. Улар полициячиларга тошлар, бутилкалар ва портловчи моддалар улоқтиришган, бино деразаларини синдиришган. Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан камида 21 нафари жароҳатланган. Сўнгги маълумотларга кўра, тартибсизликлар иштирокчиларидан 45 киши қўлга олинган.

«Қўпорувчилик ишлари ва жамоатчиликка таҳдид сақланиб қолаётгани туфайли Сиэтл полицияси уларни исёнчилар деб эълон қилади <…> Оммавий равишда қўлга олиш ишлари ўтказилди. Зобитлар намойишчиларни тарқатиш ишларини давом эттирмоқда», дейилади полиция маълумотида. Намойишчиларга нисбатан ўқотар қуроллар қўлланмаётгани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Миннеаполис шаҳрида афроамерикалик Жорж Флойд полициячилар қўлида ҳалок бўлгач, АҚШни намойишлар тўлқини қамраб олди. Ўшанда полициячилардан бири гумонланувчини ерга ётқизиб, унга нисбатан қийноқ усулини қўллаганди ва гумонланувчи бўғилиб жон берганди. Аввалига ушбу ҳодиса жойида бўлган 4 нафар полициячи ишдан олинди, кейинроқ улардан бири қотилликда айбланиб, қолган уч нафари унга ҳамкорлик қилишда айбланиб қўлга олинди. Аммо булар намойишчиларни қаноатлантирмади.

Мавзуга оид