Жамият | 14:39 / 28.07.2020
24378
2 дақиқада ўқилади

Жаслиқда ЙТҲ оқибатида 2та юк машинаси ёниб кетди, бир ҳайдовчи вафот этди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 23 июль куни соат 18:05да ҳайдовчи, 26 ёшли Ш.С. ўз бошқарувидаги DAF FT XF 105 русумли юк автомашинада Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани «Жаслиқ» посёлка фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 1009-1010 километрлари оралиғида ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у автомашина бошқарувини йўқотиб, ушбу йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб кетиб, ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган Украина фуқароси, 32 ёшли И.С.нинг бошқарувида бўлган VOLVO русумли юк автомашинасининг чап ён томонига бориб урилган.

Шундан сўнг, у ушбу юк автомашинадан кейин ҳаракатланиб келаётган Украина фуқароси 29 ёшли Ю.К.нинг бошқарувида бўлган VOLVO русумли юк автомашинасининг олди томонига урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Натижада, DAF FT XF 105 русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.С. ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида DAF FT XF 105 русумли юк автомашинаси ҳамда Ю.К. бошқарувидаги VOLVO русумли юк автомашиналарида ёнғин келиб чиқиб, ҳар иккала юк автомашинаси бутунлай ёниб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид