Ўзбекистон | 09:14 / 31.07.2020
28608
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокими ҳам Тошкентда даволанмоқда

Қобул Турсунов Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов 2020 йилнинг 27 июлидан буён Тошкент шаҳрида даволанмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қобул Турсунов ўтган 4 кун давомида малакали тиббиёт мутахассислари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган стандартлар асосида даволаш курсларини ўтамоқда.

Навоий вилояти ҳокими тўлиқ даволаниб, яқин кунларда иш фаолиятини давом эттиради, дейилади маълумотда.

Шу билан бирга, Навоий вилояти ҳокими айнан қайси касалликдан даволанаётганига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ, Бухоро вилоятининг собиқ ҳокими, ҳозирда бош вазир ўринбосари бўлган Ўктам Барноев коронавирусга чалиниб даволанаётгани, шунингдек, Бухоро вилоятининг ҳозирги раҳбари Карим Камоловда ҳам коронавирус аниқлангани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, шу вақтгача Ўзбекистоннинг икки ҳудуди раҳбарлари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар қилинганди. Тўра Боболовнинг соғлиги тикланмоқда, Муса Ерниязов эса оғир аҳволда ва у ўпканинг сунъий вентиляция аппаратига уланган.

Мавзуга оид